ИСЛОҲОТНИНГ ТЕРАН МОҲИЯТИ

Сайлов – демократия кўзгуси! Чунки сайлов жараёнларида халқ давлатнинг вакиллик органлари, давлат ва ҳукумат раҳбариятини шакллантиришда иштирок этади, ўз овози билан хоҳиш-иродасини намоён этади. Шу йўл билан давлат бошқарувида иштирок этади. Сайловлар эса ҳудудий бир мандатли округлар бўйича ўтказиларди. Айни пайтда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида сайлов қонунчилиги кўриб чиқилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўрол ЎРАЗБОЕВ мухбиримизга шулар ҳақида сўзлаб берди.

 

Ҳақиқатдан ҳам барчамиз янгиланаётган Ўзбекистонда тарихий жараёнларнинг иштирокчиси бўлиб турибмиз. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Мамлакатимиз ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини ҳамда фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, шу жумладан, уларнинг давлат ҳокимиятини шакллантириш жараёнида муайян ғоя ва мақсадларини кўзлаб иштирок этишларини таъминлаш мақсадида аралаш сайлов тизимига ўтиш таклифи анчадан буён илгари сурилиб келинётганидан хабарингиз бор. Бугунги кунда мамлакатимизда сайлов тизимини такомиллаштириш орқали илк бор аралаш, яъни мажоритар ҳамда пропорционал сайлов тизимига ўтмоқдамиз.

“Бу янги тизим, фуқароларга, қолаверса сайловда иштирок этувчи партияларга нима беради?” деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Маълумки, мажоритар сайловда сайловчиларимиз сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларга овоз беришади. Пропорционал сайловда эса, амалдаги сиёсий партияларга овоз берадилар. Бу эса ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бугун сиёсий партияларнинг жамиятда ўз ўрнини ва мавқеини, қолаверса, нуфузини оширишда хизмат қилади.

Бунда, бугун албатта сайловчиларимиз қайси сиёсий партияларнинг ғоялари ва уларнинг жамиятдаги ўринлари, қолаверса, сайловолди дастурларининг қайсилари кучли бўлса, ўша сиёсий партияга овоз беради.

Ғолиб партия номзоди ўтиб, кам овоз олган партия номзоди қолиб кетади. Ҳолбуки, ўша номзод  учун ҳам фуқаролар овоз берган эди. Номзод сайланмай қолгани етмагандай, унинг номзодини ёқлаганлар овози ҳам аҳамиятга эга бўлмай қоларди.

Пропорционал сайлов тизимида сайловчилар партияларга овоз беради. Партиялар олган овози фоизига қараб парламентдан ўрин эгаллайди. Бу ўринда ҳар бир сайловчининг овози муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Шу боис, яқиндагина Халқимизнинг иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор нормалар ўз аксини топди. Энди сайловларда сиёсий партиялар ўртасида рақобат муҳити, ҳақиқий сиёсий кураш бўлиши шубҳасиз.

Қонун лойиҳаси билан Сайлов кодексига ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, сайловларни профессионал, очиқ ва демократик тарзда ташкил этиш ҳамда ўтқазиш учун Марказий сайлов комиссиясининг конституциявий мақоми янада мустаҳкамланмоқда. Хусусан, сайлов органларининг вертикал тизимини ташкил этиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси зиммасига нафақат Ўзбекистон Республикаси сайлови ёки парламентга сайловни, балки Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларни ҳам ташкил этиш вазифалари юклатилмоқда.

Бундан ташқари, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлик ўрнининг 50 фоизи мажоритар, яъни ҳозиргидек сайлов округлари бўйича, энг кўп овоз олган номзодлар сайланиши, қолган 50 фоизи эса пропорционал, яъни аниқ бир шахсга эмас, балки сиёсий партияларга овоз бериш орқали, сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган рўйхат асосида номзодлар сайланиши каби янги нормалар киритилмоқда. Албатта, сиёсий партиялар ўз ўрнига эга бўлишса, жамиятда олиб бораётган ишлари, кўрсаткичлари, аҳоли билан муносабатларини таъсирчан ва натижадорлигига ҳаракат қилиб, ўз сайловолди дастурларига фуқароларни ишонтира олса, сайловда кўп овозлар олишига эришади.

Яна қизиқарли жиҳатларидан бири, партия рўйхатига ҳам гендер тенглигини таъминлаш мақсадида худди мажоритар тизим бўйича номзодларнинг камида 30 фоизи аёллар бўлиши назарда тутилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам, сўнги йилларда Республикамизда хотин-қизларга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Яқинда қабул қилинган Конституциямизда ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатлаб қўйилди.

Бугунги ислоҳотларимизни амалга оширишда, сайловчилик тизимини такомиллаштиришда аралаш сайлов тизими зарурми? Албатта аралаш сайлов тизими энг муҳим жараёнлардан биридир. Бу тизим пропорционал тизимнинг умумий афзалликларини сақлаб қолган ҳолда сайланган депутатлар ва сайловчилар ўртасидаги алоқани таъминлаш ҳамда можаритар сайловда  муваффақият қозона олмаган партияларга ҳам ўзлари олган овозларга мутаносиб депутатлик мандатларини қўлга киритиш имкониятларини яратади.

Яна бир янгиликлардан, хусусан, сайлов комиссияларининг ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадиган аъзолари сайлов даврида иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатилиши ёки уларнинг розилигисиз бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда. Барчамизга маълумки, сайлов жараёнида ҳақиқатдан ҳам жамоатчилик асосида ишлайдиган сайлов камиссияси аъзоларига кўпроқ иш масъулияти юклатилар эди. Раҳбарлар томонидан сайлов комиссияси аъзосига нисбатан босим ва тазйиқлар бўлиш каби ҳолатларнинг олдини олишга замин яратилмоқда. Бу норманинг киритилиши уларни ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Қонун лойиҳасида, Қонунчилик палатаси ҳамда Ҳалқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайлови натижаларини белгилаш тартиби ҳам такомиллаштирилмоқда. Амалдаги қонунчиликда сайловда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод, яъни эллик плюс бир олган сайланган ҳисобланар эди, эндиликда эса, мутлақ кўпчилик овоз талаб этилмоқда. Яъни, бошқаларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган ҳисобланиши белгилаб қўйилмоқда. Яъни, бешта партиядан кўрсатилган номзодларнинг ичидан энг кўп овоз олган депутатликка номзод сайланган деб эътироф этилади.

Агарда пропорционал тизим асосида шакллантирилган депутатлик ўрни бўшаб қолса, тегишли партия рўйхатидаги кейинги навбатдаги мандатга эга бўлмаган номзодлар ҳисобидан тўлдирилиши белгиланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Конституциявий Қонун, сиёсий партиялар ва депутатлар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига, партиялар мавқеи ҳамда сайлов органларининг профессионаллик даражаси янада ошишига хизмат қилади.

Асад МУСТАФОЕВ ёзиб олди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *