Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралда қабул қилинган “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида маҳаллаларда бизнес инфратузилмасини яхшилаш ҳамда лойиҳавий ёндашув асосида уларнинг ихтисослашувини чуқурлаштириш белгиланган. Унга кўра, маҳаллаларда кичик қуёш электр станцияларини қуриш ва Ижтимоий реестрдаги оилалар хонандонларини “яшил” таъмирлаш ишларини молиялаштириш топширилган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Фориш туманидаги “Оқтепа” маҳалласида II-гуруҳ ногирони Юлдаш Эргашевнинг хонадонида энергия тежамкор таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди. Ушбу лойиҳа доирасида хонадоннинг иссиқлик изоляцияси кучайтирилиб, замонавий қуёш панеллари ҳамда энергия тежамкор эшик-деразалар ўрнатилди. Бир сўз билан айтганда, белгиланган талаблар бўйича бу хонадоннинг энг кўп фойдаланувда бўлган ювиниш жойи, ётоқхона ва ошхона каби ҳудудлари таъмирдан чиқарилиб, замонавий яшаш шароитига эга бўлган хонадон қиёфасига кирди!
Яна худди шундай яшил таъмирлаш ишлари тоғ орти қишлоқларидан бири Нарвон МФЙда яшовчи яна бир хонадон эгаси Абдурашид Мамиров уйида бажарилаётир ва ишлар тез кунларда битиш арафасида. Бугунги кунда бундай саховатли ишлар учун туманда тенг тартиб, тенг улушда “Ёшлар дафтари”, “Саховат ва кўмак” ҳамда “Аёллар дафтари”дан худди шу каби хонадонлардан танлаб олинди. Ҳозирда Фориш туманида 8 та хонадонда “яшил” таъмирлаш ишлари бажарилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунда биттаси фойдаланишга топширилди.
Бу ишлар ҳар бир оилага илиқлик ва қулайлик олиб кириш, энергия сарфини камайтириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида бажарилди. Зеро, инсон қадри улуғланган юртда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.