ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚИДА МАЖБУРИЯТ ТУШУНЧАСИ

Жамиятда шахслар ўртасидаги муносабатлар фуқаролик ҳуқуқи орқали тартибга солинади. Ана шу муносабатларнинг энг муҳим бўғини мажбурият тушунчасидир.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 234-моддасига кўра, мажбурият — фуқаролик-ҳуқуқий муносабат бўлиб, унга кўра бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига маълум ҳаракатни амалга ошириш ёки ҳаракатдан ўзини тийиш мажбуриятини олади. Масалан, товар етказиб бериш, хизмат кўрсатиш, пул тўлаш ёки бошқа ҳаракатларни амалга ошириш. Шу билан бирга, кредитор бу ҳаракатларни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шу ўринда савол туғилади. Нега мажбурият муҳим?

Мажбуриятлар фақат ҳуқуқшунослар ёки судларда керак бўладиган тушунча эмас. Улар ҳар куни ҳаётимизда иштирок этади. Айтайлик, дўкондан маҳсулот сотиб олсангиз бу олди-сотди шартномасига асосланган мажбурият ҳисобланади. Ижарага квартира олсангиз ижара шартномасидан келиб чиққан мажбурият. Иш ҳақини ўз вақтида ололмасангиз иш берувчининг меҳнат шартномасига асосланган мажбуриятни бузганлигидир.

Кўриниб турибдики, мажбуриятлар орқали ҳар икки томоннинг ҳам ҳуқуқи, ҳам бурчи юзага келади.

Мажбурият турли манбалардан пайдо бўлиши мумкин. Яъни, шартнома асосида. Бу энг кенг тарқалган ҳолат. Масалан, қарз шартномаси, пудрат, хизмат кўрсатиш шартномалари.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 333-моддасига кўра, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача ҳол белгиланмаган бўлса, қарздор айби мавжуд бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун жавобгар бўлади.

Бошқача айтганда, қарздорнинг айби жавобгарликни юзага келтирадиган асосий омиллардан бири ҳисобланади. Агар у ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги билан шартномавий бурчини бузган бўлса, етказилган зарарни қоплаши шарт.

Ҳар бир мажбурият ҳам абадий эмас. У қуйидаги ҳолатларда тугайди. Яъни, мажбурият тўлиқ бажарилганда, кредитор қарздан кечганда, муддати ўтиб кетганда, қарздор вафот этган ёки ташкилот тугатилган бўлса.

Мажбурият ҳуқуқий масъулият ва ишонч кафолатидир. У инсонлар ва ташкилотлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб, барқарор ва адолатли жамият қуришга хизмат қилади. Ҳар бир фуқаро ва тадбиркор ўзи киришган мажбуриятларни билиши ва бажариши орқали нафақат қонунийликни сақлайди, балки ижтимоий ишончни ҳам мустаҳкамлайди.

Алишер ПЎЛАТОВ,

фуқаролик ишлари бӯйича Зарбдор туманлараро судининг судьяси

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *