Мамлакатимизда аҳолига шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Бу борада Зафаробод туманида Республика тез тиббий ёрдам маркази Жиззах вилояти филиалининг янги станцияси, Зомин туманидаги Суффа ҳудудида эса тез тиббий ёрдам шохобчасининг янги биноси ўз фаолиятини бошлагани яққол мисол бўла олади.
Зафаробод туманида очилган янги станция 55 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Бу ерда 5 та бригада — 4 та умумшифокорлик ва 1 та фелдшерлик жамоаси фаолият юритмоқда. Станцияда жами 137 нафар ходим меҳнат қилади. Улардан 19 нафари шифокор, 79 нафари ўрта тиббиёт ходими, 11 нафари кичик тиббий ходим, 28 нафари ҳайдовчи ва бошқа мутахассислардир.
Мазкур объект “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ ҳисобига барпо этилди. Бир неча йил давомида фойдаланилмай келган лаборатория биноси қайта таъмирланиб, аҳоли саломатлиги йўлида хизмат қиладиган замонавий масканга айлантирилди.
Зомин туманидаги Суффа тез тиббий ёрдам шохобчаси қурилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Зомин” туристик-рекреацион зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди. Қарорда туристлар хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларда тезкор ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш вазифалари белгиланган. Суффада барпо этилган янги шохобча ана шу вазифаларни ўз ичига олди.
4,5 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилган шохобча махсус жиҳозланган “Volkswagen Caddy” автомобили билан таъминланган ва 1 та фелдшерлик бригадаси хизмат кўрсатмоқда. Бригада кунига ўртача 15–20 та чақирувга чиқиб, маҳаллий аҳоли ва меҳмонларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатяпти.
Зафаробод ва Суффада фойдаланишга топширилган янги бинолар тез тиббий ёрдам ва хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган муҳим маскан вазифасини ўтамоқда.