Жорий йилнинг 9–11 июнь кунлари Арнасой туманида “Бошқарув органлари, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш, давлат тизими ҳудудий ҳамда функционал қуйи тизимларининг аҳоли ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлари” мавзусида қўмондонлик-штаб ўқув машқлари ўтказилиши белгиланган.

Ўқув машқларига тайёргарлик кўриш ва машғулотларни намунали ўтказиш мақсадида Арнасой туман ҳокимлигида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Адҳам Тангриев раҳбарлигида вилоятдаги барча фавқулодда вазиятлар давлат тизими хизматларининг раҳбар ва ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда уч кун давом этадиган ўқув машқларини сифатли ташкил этиш, зарур воситаларни фавқулодда вазиятларга шай ҳолатга келтириш, қутқарув ишлари ҳамда бошқа табиий ва техноген тадбирларни самарали ҳамда юқори даражада ташкил этиш бўйича тегишли ташкилот мутасаддиларига аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Берилган топшириқлар орқали фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, шу билан бирга, жойларда аҳоли ва ҳудудларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражасини ошириш лозимлиги таъкидланди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.