Бугунги кунда автомашина олди-сотдиси кенг тарқалган бўлиб, айрим ҳолларда фуқаролар ўртасида бу жараён оддий ишонч ва оғзаки келишув асосида амалга оширилмоқда. Лекин бундай ёндашув кўплаб ҳуқуқий муаммолар ва молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Фуқаролик кодексининг 185-моддасига мувофиқ, агар мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши ёки нотариал тасдиқланиши керак бўлса, мол-мулкни олувчида мулк ҳуқуқи шартнома рўйхатдан ўтказилган ёки тасдиқланган пайтдан бошлаб, шартномани ҳам нотариал тасдиқлаш, ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш зарур бўлганида эса рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Шунингдек, амалдаги тартибларга асосан, автомашинани бошқа шахсга ўтказиш фақатгина нотариал тасдиқланган шартнома орқали ҳамда тегишли давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейингина қонуний кучга эга бўлади.
Яна бир муҳим жиҳат — Фуқаролик кодексининг 114-моддасига кўра, амалдаги қонун талабларига риоя қилинмасдан тузилган битимлар ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бу эса оғзаки келишув асосида амалга оширилган автомашина олди-сотдиси ҳуқуқий кучга эга эмаслигини билдиради. Амалиётда кўп учрайдиган ҳолатлардан бири автомашина пул тўлаб олинган бўлса-да, у расман сотиб олувчи номига ўтказилмаган бўлади. Агарда томонлар ўртасида низо келиб чиққан тақдирда, пул берган шахс ўз ҳақини ҳар доим ҳам исботлай олмаслиги мумкин.
Бундан ташқари, автомашина гаровда, тақиқ остида ёки қидирувда бўлган ҳолларда, рўйхатдан ўтказиш орқали бундай хавфларнинг олдини олиш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, автомашина олди-сотдисида оғзаки келишувга ишониш — бу ўз маблағини хавф остига қўйиш демак. Ҳар бир фуқаро битимни қонун талабларига мувофиқ расмийлаштириши орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши зарур.
Ҳусниддин КАТТАБЕКОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судининг судьяси.