Генофонд – генлар захирасини ифодалаб, турли ген (ирқ)ларнинг тарқалиши, уларнинг нисбий миқдори, таркибий сифати, ирсий белгиларини ўрганиш ва аниқлаш ҳозирги кунда инсон генетикаси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Глобаллашув жараёнлари жадал кечаётган ҳозирги кунда генофондни сақлаш муаммоси дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун долзарб масалага айланган. Бугунги кунда табиатга қўпол ва ғайриинсоний муносабатда бўлишга йўл қўйиб бўлмаслиги, бундай муносабатни табиат асло кечирмаслиги, айниқса, «Инсон – табиатнинг хўжайини», деган ўзгача мафкуравий қарашлар кўплаб халқлар ва миллатларнинг ҳаёти учун фожиага айланиши, қирилиб кетиши ҳамда улар генофондининг йўқ бўлиб кетиши даражасига келтириб қўйганига тарих гувоҳ.
Шу жиҳатдан, Янги Ўзбекистонда миллат генофондини сақлаш, ҳар томонлама баркамол, соғлом авлодни тарбиялаб вояга етказиш, одамларнинг табиат ва атроф-муҳитга муносабатини ўзгартириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида бугун Янги Ўзбекистон дунёга бўй чўзмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг сони 38 миллиондан ортиқ бўлиб, унда ёшларнинг салмоғи қарийб 60 фоизни ташкил этади. Бошқача айтганда, Янги Ўзбекистон – ёшлар мамлакатидир. Бундан ғанимларимиз фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Улар ўзларининг ёвуз мақсадларини амалга оширишда ёшлардан фойдаланишга эътибор қаратмоқдалар. Соғлом турмуш тарзига, миллат генофондига қарши ўлароқ ёшларни гиёҳванд моддаларга қарам қилишга ҳаракат қилишмоқда.
Ўзбекистон аҳолисининг саломатлиги ва миллат генофондига жиддий таҳдид солаётган гиёҳвандлик иллатига қарши курашиш ҳамда бунга сабаб бўлаётган уюшган наркожиноятчиликка чек қўйиш долзарб муаммога айланмоқда. Бунда вояга етмаганлар ва ёшларимиз келажагини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалардан ҳар томонлама асраш – барча даражадаги давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларининг, жумладан, таълим муассасаларининг долзарб вазифаси эканини алоҳида қайд этиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги «Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024–2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегиянинг устувор мақсадларига эришиш, гиёҳвандлик ва уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш орқали аҳолини, биринчи навбатда, ёшлар саломатлигини ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу фармоннинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
а) Ўзбекистон аҳолисининг саломатлиги ва миллат генофондига жиддий таҳдид солаётган гиёҳвандлик иллатига қарши курашиш ҳамда бунга сабаб бўлаётган уюшган наркожиноятчиликка чек қўйишга қаратилган норматив-ҳуқуқий, тезкор-профилактик ва ташкилий-тарбиявий чоралар комплексини белгилаш;
б) вояга етмаганлар ва ёшларимиз келажагини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалардан ҳар томонлама асраш – барча даражадаги давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларининг долзарб вазифаси эканини алоҳида қайд этиш ҳамда уларнинг бу борадаги масъулиятини тубдан ошириш.
Фармонга кўра, қуйидагилар гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши кескин курашиш фаолиятини амалга оширишга масъул давлат органлари ва ташкилотларининг устувор вазифалари этиб белгиланди:
– таълим муассасаларида, ўқувчи ва талабалар орасида психофаол моддаларнинг тарқалишига батамом чек қўйиш, ёшларда гиёҳвандлик иллатига муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни комплекс равишда амалга ошириш;
– гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига қатъий жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали барҳам бериш, бу борадаги жазо чораларини кескин кучайтириш ҳамда ёшларга нисбатан содир этиладиган наркожиноятлар учун жавобгарликни оғирлаштириш;
– гиёҳвандлик воситаларини республика чегарасидан олиб кириш йўналишларини, интернет тармоқлари орқали тарқатиш ҳаракатларини, ноқонуний нарколабораторияларни ва наркожиноий уюшмаларни, шу жумладан, уларга ҳомийлик қилаётган мансабдор шахсларни аниқлаш, улар фаолиятига чек қўйиш ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини йўлга қўйиш;
– гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш учун фойдаланиш мумкин бўлган кимёвий моддалар (прекурсорлар) айланмаси устидан қатъий давлат назоратини ўрнатиш, гиёҳвандлик воситаларидан тиббиётда фойдаланувчи тиббиёт муассасалари, фармацевтика корхоналари ва дорихоналарнинг фаолиятини назорат қилиш амалиётига рақамли ечимларни жорий этиш;
– аҳоли, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар орасида гиёҳвандлик ҳамда заҳарвандликни ташхислаш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган манзилли чора-тадбирларни белгилаш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтидан олинган маълумотга кўра, 2026 йил 11 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тақдимот билан танишди.
Жумладан, тақдимотда Президентга гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.
Ушбу қонун билан Жиноят кодексига «Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар» номли янги боб киритилган бўлиб, бу боб орқали аҳоли, айниқса, ёшлар саломатлигига таҳдид солаётган хавфли қилмишлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш кўзда тутилган.
Наркожиноятларнинг замонавий усул ва шакллари инобатга олиниб, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш, наркотикларнинг ноқонуний муомаласига раҳнамолик қилиш, бангихона ташкил этиш каби қилмишлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, ўндан ортиқ хавфли қилмиш бўйича жазо чоралари оғирлаштирилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ушбу қонун наркожиноятчиликка қарши курашни янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлишини таъкидлади ҳамда уни имзолади.
Тақдимотда идоралараро ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган «Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда нарковазият жиддий ўзгариб, анъанавий гиёҳвандлик воситаларининг ўрнини синтетик наркотиклар эгалламоқда. Уларни тарқатиш усуллари ҳам ўзгариб, асосан интернет орқали контактсиз шаклда амалга оширилмоқда. Шунингдек, мамлакат ичида яширин лабораториялар пайдо бўлаётгани ушбу соҳада ҳуқуқий ва ташкилий механизмларни тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Янги қонун лойиҳасида давлат сиёсатининг еттита асосий йўналиши белгиланмоқда. Улар орасида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда «гиёҳвандликка қарши иммунитет»ни шакллантириш, интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларга барҳам бериш, гиёҳвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация тизимини такомиллаштириш каби чоралар мавжуд.
Лойиҳада наркотиклар айланмаси, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишда бевосита иштирок этувчи ўн тўртта давлат органининг вазифа ва ваколатлари аниқ белгиланиши назарда тутилган. Қонуний муомаладаги моддалар устидан давлат назорати кучайтирилиб, уларни олиб киришдан тортиб, реализация қилишгача бўлган жараёнлар узлуксиз электрон назорат қилинади.
Прекурсорлар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар муомаласини қатъий тартибга солишни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Бу борада электрон назорат тизимини жорий этиш, ноқонуний ҳолатларга қарши идоралараро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Тақдимотда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Айрим фуқаролар томонидан вояга етмаган шахсларга транспорт воситасини бошқаришга рухсат берилаётгани, бу эса йўлларда ўлим ва жиддий жароҳат олиш ҳолатларига сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Шу боис, янгича ёндашув асосида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, оғир оқибатли аварияларнинг олдини олиш, бунинг учун жавобгарликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Президентимиз гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшлар орасида мазкур иллатнинг тарқалишига қатъий чек қўйиш, шунингдек, йўлларда инсон ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича таклифларни маъқуллади.
Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июнда қабул қилинган ЎРҚ–1151-сонли Қонунига кўра, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Жиноят кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ёки қайта ишлаш учун ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш ёхуд тарқатиш учун бангихона ташкил қилиш ёки сақлаш 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига ҳомийлик қилиш 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ўғрилик ёки фирибгарлик йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаш учун ҳам жавобгарлик белгиланган.
Шу муносабат билан 2026 йил 3 июнь куни Жиззах политехника институтининг конференция залида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда институтнинг «Ижтимоий фанлар» кафедраси профессор-ўқитувчилари, институт профилактика инспекторлари И. Буриев ва Н. Расулова, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходимлари, факультетларнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари ҳамда тьюторлар иштирок этдилар.
Тадбирни институтнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори С. Эшбекова очиб, бошқариб борди.
С. Эшбекова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги «Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда ЎРҚ–1151-сонли Қонунининг мазмун-моҳияти ва ижро тартиби юзасидан тадбир иштирокчиларига батафсил маълумот берди.
Йиғилишда талаба-ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш, ёшларни зарарли одатлардан асраш ҳамда уларнинг ҳуқуқий ва маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш масалалари бўйича ҳам маъруза қилинди.
Унда бугунги кунда дунё миқёсида гиёҳвандлик ва наркожиноятлар энг долзарб ижтимоий муаммолардан бири бўлиб қолаётганлигини, мазкур иллат ёшларнинг саломатлиги, маънавий камолоти ва келажакдаги ҳаётига салбий таъсир кўрсатишини алоҳида таъкидлади.
Гиёҳвандлик инсон организмида жисмоний ва руҳий қарамликни юзага келтириши, унинг билим олиш, меҳнат қилиш ва жамиятдаги фаол иштирокини чеклаши, натижада шахс ва жамият учун оғир оқибатларни келтириб чиқариши қайд этилди.
Маърузада таъкидланганидек, талаба-ёшларни гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан ҳимоя қилишда тьюторлар, Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари, профессор-ўқитувчилар ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, талабаларнинг ижтимоий-психологик ҳолатини мунтазам ўрганиб бориш, уларнинг муаммоларига бефарқ бўлмаслик, индивидуал ёндашув асосида ишлаш ҳамда зарур ҳолларда амалий ёрдам кўрсатиш профилактик ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, ёшлар орасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналоглари билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар учун назарда тутилган жавобгарлик чораларини мунтазам тушунтириб бориш зарурлиги қайд этилди.
Талабаларда қонунларга ҳурмат, фуқаролик масъулияти ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш орқали салбий ҳолатларнинг олдини олиш мумкинлиги таъкидланди.
Маъруза давомида интернет ва ижтимоий тармоқларнинг ёшлар ҳаётидаги ўрни ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Айрим ноқонуний гуруҳлар ва шахслар томонидан интернет тармоқлари орқали ёшларни наркотик воситалар савдоси, тарқатилиши ёки бошқа ноқонуний фаолиятларга жалб қилиш ҳолатлари кузатилаётгани, шу боис талабаларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш, уларда танқидий фикрлаш ва ахборот хавфсизлиги кўникмаларини шакллантириш муҳим вазифа эканлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ёшларни спорт тўгараклари, фан ва инновацион лойиҳалар, маданий-маърифий тадбирлар, китобхонлик ва ижодий фаолиятларга кенг жалб этиш уларни турли зарарли одатлар ва салбий таъсирлардан узоқлаштиришнинг энг самарали воситаларидан бири эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, ота-оналар билан мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, маҳалла ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни кучайтириш профилактик ишларнинг муҳим йўналишларидан бири эканлиги қайд этилди. Талаба-ёшларни гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан ҳимоя қилиш, улар ўртасида соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаб, бу борада барча масъул ходимларнинг ҳамжиҳатлиги, масъулияти ва ташаббускорлиги муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Маъруза юзасидан йиғилиш иштирокчилари томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди, таклифлар муҳокама қилинди ҳамда мазкур йўналишдаги профилактик ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Хулоса қилиб айтганда, талаба-ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш узлуксиз профилактик ишларни амалга оширишни, ҳуқуқий тарғиботни кучайтиришни ҳамда ёшларни соғлом турмуш тарзига йўналтиришни талаб этади. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар ёшларнинг ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб вояга етишига ва жамиятда тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Яна шуни таъкидлаш лозимки, миллат генофондини сақлаш, ёшларни турли ёт ғоялар, гиёҳвандлик ва бошқа ижтимоий иллатлардан ҳимоя қилиш, уларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш, ҳуқуқий ва маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Зеро, соғлом ва баркамол авлод – мамлакат келажаги, миллат тараққиёти ва Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворидир.
Ботир УЗОКОВ,
ЖизПИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси доценти.
Махматқобил ОБИЛҚОСИМОВ,
ушбу кафедранинг катта ўқитувчиси.