Жангчи фахрийлар, оқсоқоллар, вилоят ҳокимлиги ва Жиззах шаҳар ҳокимлиги масъуллари, фаоллар, меҳнат фахрийлари ва 1979-1989 йилларда Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган жангчи-фахрийлар ва уларнинг оила аъзолари Жиззах шаҳридаги хотира майдонига ташриф буюрди. Тантанали равишда ўтказилган тадбир давомида Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйилди. Бир дақиқалик сукутдан сўнг меҳмонлар ва жангчи-фахрийлар хиёбондаги хотира китобига киритилган сафдошлари ҳамда вилоят “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Жиззах вилоят бўлими раиси вазифасида меҳнат қилган марҳум Фарҳод Одилов ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашдилар.

Хотира майдонидаги тадбирдан сўнг вилоят Нуронийлар жамғармасида Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Жиззах вилоят бўлимининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Жиззах вилоят бўлимининг ярим йиллик фаолияти юзасидан вилоят бўлими раиси вазифасини вақтинча бажарувчиси Исроил Қўчқоровнинг ҳисоботи тингланди.
Шундан сўнг Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси раиси Талъат Мурадов сўзга чиқиб, жангчи-фахрийлар, ҳалок бўлган жангчилар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, шунингдек, асосий иш йўналишлари мавзусига тўхталди.
Конференцияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Жиззах вилоят бўлимига янги раис сайланди. Йиғилишда Исроил Қўчқоров номзоди бир овоздан қўллаб-қувватланди. Вилоят бўлими раиси вазифасига тайинланган И.Қўчқоров билдирилган ишончни оқлашга, жангчи-фахрийларнинг ижтимоий ҳимояси учун бор билими ва ҳаракатини ишга солишга ваъда берди.
Ҳисобот-сайлов йиғилишида бир гуруҳ Ўзбекистон “VETERAN жангчи-фахрийлар ва ногиронлари бирлашмасининг туман (шаҳар) бўлими раҳбарларига ҳамда ҳамкор ташкилотлар раҳбарларига республика бирлашмасининг ташаккурномаси топширилди.
Зоир КАЛОНОВ.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото).