ВАТАН ҲИМОЯСИ ЙЎЛИДАГИ МАРДЛИК

Ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўли унинг тарбияси, оилавий муҳити ва Ватанга бўлган муҳаббати билан чамбарчас боғлиқ. II даражали сержант Ҳакимжон Мадиев ана шундай фидойи ва ватанпарвар ҳамюртларимиздан биридир.

Ҳакимжон Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Олтинтепа маҳалласида намунали оилада таваллуд топган. У ёшлигидан меҳнатсеварлик, ҳалоллик ва Ватанга садоқат руҳида тарбияланди. Ота-онаси фарзандлари камоли йўлида тинмай меҳнат қилиб, уларга тўғри йўл кўрсатиб келган энг қадрли инсонлар сифатида Ҳакимжоннинг бугунги ютуқларида катта ўрин эгаллайди.

Ёшлигидан ҳарбий соҳага қизиққан қаҳрамонимиз 2014 йилда Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида жойлашган ДХХ Чегара қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ўзининг интизоми, жасорати ва масъулияти билан бошқаларга ўрнак бўлди. Муддатли ҳарбий хизматни муваффақиятли тамомлагач, 2015 йилдан бери ҳарбий хизматчи сифатида фаолиятини Жиззахда давом эттириб келмоқда.

Хизмат давомида ўзининг фидойилиги, ташаббускорлиги ва намунали хулқи билан раҳбарият ҳамда сафдошлари ҳурматига сазовор бўлди. Ана шундай хизматлари эътирофи сифатида жорий йилда “Мардлик” ордени билан тақдирланди. Бу давлат мукофот унинг Ватан олдидаги садоқатли хизматининг юксак эътирофи бўлди.

Шунингдек, Ҳакимжоннинг ёшлар билан ишлаш борасидаги фаолияти ҳам таҳсинга лойиқ. Янгиобод туманидаги 13-мактабнинг “Қалқон” жамоаси унинг самарали меҳнатлари эвазига жорий йил май ойида “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг республика (финал) босқичида муносиб иштирок этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

Ҳозирги кунда II даражали сержант Ҳ. Мадиев Зомин туманидаги ДХХ чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмнинг Янгиобод туманида жойлашган бўлинмаларида хизмат олиб бормоқда. У ўз фаолияти давомида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини шакллантириш борасида тинимсиз меҳнат қилмоқда.

Хизмат билан бир қаторда, у намунали оила бошлиғи ҳамдир. Икки нафар фарзанднинг меҳрибон отаси бўлган Ҳакимжон оиласида ҳам фарзандларини ватанпарвар, одобли ва билимли инсонлар қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратади. Унинг Ватанга бўлган садоқати, халқ хизматидаги фидокорона меҳнати ва инсоний фазилатлари келажак авлод учун муносиб намуна бўлиб хизмат қилади.

Жўрабек БАҲРОМОВ,

ҳарбий хизматчи.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *