ИСТЕЪДОД ВА ИЛҲОМ УЧРАШГАН МАСКАН

Зомин. Ўриклисой. Ёзнинг айни чилласи. Жиззахда Республика ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинари бошланди. Сўлим Ўриклисой юзлаб ёшларни яна ўз бағрига чорлади.

 Cеминар иштирокчилари Зомин тумани марказида миллий қадриятларимизга хос юксак эҳтиром ва самимият руҳида, карнай-сурнай садолари остида тантанали кутиб олинди. Меҳмонлар учун “Мероншоҳ” тантаналар мажмуасида дастурхон ёзилиб, самимий мулоқот ташкил этилди. Тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова, Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев, Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Дилмурод Худойшукуров, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қарши олиб, самимий қутладилар.

Мана салкам 30 йилдирки воҳамиз ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинарига мезбонлик қилмоқда. Бу йил ҳам республикамизнинг барча ҳудудларидан келган 140 нафар ёш қаламкашни ўз бағрига олган сўлим Зомин 7-9 июль кунлари 7 та йўналиш бўйича оташин юракларнинг илҳомига парвоз бўлади.

Анъанавий Зомин анжуманининг тантанали очилиш маросими Ўриклисойдаги Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли сиҳатгоҳ амфитеатрида бўлиб ўтди. Унда Жиззах вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Дилмурод Худойшукуров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, “Ватандошлар” жамоат фонди раҳбари Одилжон Сатторов, Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенгесбой Каримов, Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Маҳмуд Тоирлар ва бошқалар сўзга чиқиб, анжуман иштирокчиларини табриклади. Нотиқлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳалар сингари адабиётда ҳам ўзининг ёрқин самарасини бераётгани, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва қобилиятларини ривожлантириш доимо эътибордалигини таъкидлади.  Шундан сўнг анжуман қатнашчилари ўзларининг ижод намуналаридан ўқиб беришди.  

–Республика ёш ижодкорларининг жорий йилги Зомин семинарида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан еттита йўналиш бўйича ижод қилувчи, саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 76 нафар ёш ижодкор, ижод мактабларининг 45 нафар иқтидорли ўқувчиси ҳамда “Ёш ватандош ёзувчи” лойиҳаси асосида хорижий мамлакатлардан таклиф этилган ўзбек тилида ижод қилувчи ёш қаламкашлар иштирок этмоқда, –дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова. – Уч кун давом этадиган семинар доирасида республикамизнинг таниқли ижодкорлари иштирокида давра суҳбатлари, мушоиралар, адабий жанрлар бўйича шўъбаларда машғулотлар, маҳорат дарслари, табиат қўйнига саёҳатлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.

Дарҳақиқат, анжуманнинг бош мақсади – ёш ижодкорларда юртга муҳаббат, миллий қадриятларга эҳтиром, ижтимоий масъулият туйғуларини кучайтириш, шу билан бирга, уларни бадиий савия жиҳатидан ривожлантириш ҳамда адабиёт, санъат майдонига етаклашдан иборат.

Тантанали очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар йўналишлар бўйича машғулотларга киришди. Ёшлар тажрибали устозлар билан юзма-юз мулоқот қилиш, ўз асарларини таҳлил эттириш, фикр ва тажриба алмашиш имконига эга бўлмоқда. Бу эса уларнинг ижодий қарашларини бойитиш, янги изланишлар учун мустаҳкам пойдевор яратиши шубҳасиз.

Республика ижодкор ёшларининг анжумани машғулотлари сўлим Зомин гўшасида қизғин давом этмоқда.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *