САЙЁД Ё ДАРВЕШ

Ботир Қудратовнинг фотокўргазмаси ҳақида эшитганимда “Ниҳоят, нияти ушалибди”, деган ўй кечди хаёлимдан. Ҳар лаҳзада кечмишга, ўтмишга эврилаётган ҳаётни, борлиқни сувратлар орқали ифодалашни суядиган, ўзи туйган завқни газетхонларга улашишни умр мазмунига айлантирган фотомухбирнинг кўп йиллик орзуси эди — бу кўргазма…
Ижод, санъат, гўзалликка бефарқ бўлмаган зотларни кўрдим ўша даврада. Жиззах пойтахт эмас, ҳар кун ижодий учрашувлар, кўргазмалар, анжуманлар бўлаверадиган. Шунданми, ёхуд кўрганларим мен каби бошқаларни ҳам сеҳрлаб қўйганмиди, ҳақиқий санъатга бўлган чанқоқликни ҳис этдим қароқларда.

Суратларга тикилган нигоҳлар, тилларга кўчган мушоҳадалар бизни йўриғидан чиқармай йўрғалатаётган ташвишлар бир зумга унутилганини сездирарди. Англашимча, бу тасвирлар соҳибининг қалбида лаҳзалар сеҳрини овлай оладиган моҳир сайёд ёки комиллик йўлига чиққан дарвеш макон тутган.

Бинобарин, бўлғуси ҳарбий учувчи ҳамда унинг бобоси акс этган сувратда ёшлик ва кексалик туташган нуқта намоён. Йигитнинг шижоатли кўзлари кўкка қадалган, унинг орзулари ҳад билмаётгани яққол англашилади. Чолнинг сокин юз ифодаси эса уча-уча ҳориган, осмонлардан кўра ер юмушлари елкасини эзаётган, аммо ғурури тарк этмаган бургутни ёдга туширади.

Жиззахнинг кўрки бўлмиш “Хўжа Нуриддин мадрасаси” сувратида илгари ҳеч кўрмаганим ажиб манзарага гувоҳ бўлдим. Ўтмиш тароватини йўқотмаган, ўзбек меъморчилигининг энг нозик қирраларини ўзига синдирган ушбу бино гўзаллигидан кўп бора завқ туйганман. Аммо мазкур обида ортида олис-олислардаги Нурота тоғлари яққол кўзга ташланишини билмаган эканман.

Ботирнинг сувратида мадраса маҳобати тоғлар виқорига уйғунлашиб кетган. Муаллиф шундай нуқта ҳамда пайтни топганки, фотосуратнинг мукаммал бўлмоғига ҳеч бир омил ҳалақит қилолмасди.

Ана шундай кўрк отаётган қуёш тасвири муҳрланган суратда-да ифодаланган. Хусусан, борликни нурларига чўмдиришга шошаётган меҳр, кўкка туташ тоғлар, бепоён дашт ва кўл узра ҳосил бўлган жилвалар мафтун қилмасдан қолмайди сизни.

“Дорбозлар” тасвири эса суюкли шоиримиз Абдулла Ариповнинг қуйидаги мисраларини ёдимга туширди:
Булутларга ёндош, осмон остида
Киприкдаги ёшдай турибди дорбоз.
Қиличнинг дамидай арқон устида
Кўзларини юмиб юрибди дорбоз…

Ўйлашимча, кулаётган отахон суврати кўргазмадаги асарларнинг энг ноёбидир. Ҳарқалай, менга шундай туюлди. Зеро йиллар сўнгги тишларигача-да олиб қўйган, юзларига аямасдан ажинлар солган бобонинг нигоҳидан ҳаётдан қониқишни, ортга ўгирилганда кўнглини эзадиган қилмишлари йўқлигини, беғуборликни англагандек бўласиз. Фотосуратда ўзбек қариясининг сийратини, тимсолини кўргандек эдим. “Самимийлик” деб номлаган бўлардим бу асарни.

Яна суратларда от чоптираётган қирғиз қизи, қамишлар орасидан теваракни кузаётган чегарачи, югураётганда ҳар икки оёғи ердан узилган, гўёки, учаётгандек тасаввур пайдо қиладиган спортчи, рақибини ғайритабиий тарзда елкасидан ошираётган курашчи, қияликдаги қари ва ёлғиз арча каби ҳолат ва ҳодисотлар акс этганки, улардан завқ туйиш асносида кўнгилларни эгаллаб олган бир хиллик ва лоқайдлик чекинади, бегоналашади.

 


Вилоят ижод ва санъат муҳитида ўз мактабини яратишга интилаётган усталардан бири, “Жиззах ҳақиқати” – “Джизакская правда” газеталари таҳририятининг 25 йиллик тажрибага эга фотомухбири Ботир Қудратов тўғрисида баён қилмоқчи бўлганим шулар. Айтганча, унинг қизи Маржона Муқимжонова томонидан пианинода ижро этилган Моцартнинг рондоси, Бетховеннинг “Элизага”, Чайковскийнинг “Оққуш кўли” каби мусиқий асарлар кўргазманинг соҳир ижодий муҳити билан уйғунлик касб этди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *