Вилоятимизда 2026–2027-ўқув йилида тест синовларида иштирок этиш учун 34 492 нафар абитуриент рўйхатдан ўтди. Тест синовлари Шароф Рашидов туманидаги «Янги Ўзбекистон» массивида жойлашган Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг Жиззах вилояти бўлими биноси ҳамда Жиззах шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мажмуасида ўтказилмоқда.

Бир кунда икки сменада имтиҳонлар белгиланган бўлиб, ҳар бир сменада 1 920 нафардан абитуриент тест синовларида иштирок этаяпти. Жараёнлар 14 июлдан 22 июлга қадар давом этади.
Тест синовлари ўтказилаётган биноларда жазирама иссиқдан сақланиш мақсадида мўътадил ҳароратни сақлаш учун совутиш тизимлари ўрнатилган.
Жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун тест ўтадиган ҳудудларга 72 та стационар кузатув, 6 та 360 даражада айланувчи, 8 та онлайн трансляция ҳамда кириш нуқталарига 7 та юзни аниқлаш камералари ўрнатилган. Шунингдек, шахсни идентификация қилиш ишларига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари мутахассислари махсус планшет қурилмалари билан жалб этилган.

Тест жараёнларида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан шартнома асосида ишлаётган 147 нафар гуруҳ назоратчиси ҳамда сурдотаржимон фаолият юритмоқда.
Имконияти чекланган абитуриентлар учун ҳам барча зарур шароитлар яратилган. Эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган иштирокчиларга сурдотаржимонлар хизмат кўрсатяпти. Таянч-ҳаракат аъзоларида нуқсони бўлган абитуриентлар учун эса ногиронлик аравачалари ажратилган ва уларга ҳам амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, ҳар бир абитуриентга математика ва физика фанлари бўйича асосий формулалар жадвали, Менделеевнинг кимёвий элементлар даврий жадвали ҳамда тест синовларини топшириш бўйича йўриқнома тақдим этилаётир.
Абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинлари учун махсус соя-салқин кутиш ҳудудлари ташкил этилган. У ерларга ўрнатилган катта мониторлар орқали тест жараёнлари жонли намойиш этилмоқда. Шунингдек, тест синовларини махсус онлайн платформа орқали ҳам кузатиш имконияти мавжуд.
Вилоятимизда қабул тест синовлари амалдаги тартиб ва меъёрий талабларга мувофиқ, очиқлик, шаффофлик ҳамда адолат тамойиллари асосида юқори ташкилий даражада ўтказиляпти.
Шаҳноза МАНСУРОВА.