Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида миллий кураш бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари бўлиб ўтди. Унда қитъамизнинг 25 давлатидан сараланган 200 нафардан зиёд полвонлар 16 та вазн тоифаси бўйича иштирок этдилар. Икки кун давомида кураш гиламларида юқори маҳорат, кучли ирода ва ҳақиқий спорт кайфияти намоён бўлиб, мухлислар муросасиз ва қизиқарли беллашувларнинг гувоҳига айланишди.
Мусобақада юртдошларимиз катта устунлик қайд этиб, якунда 10 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритганини қайд этиш жоиз.
Қувонарлиси, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилганлар орасида вилоятимиз фарзанди, арнасойлик умидли спортчи Машҳура Ғаниеванинг ҳам номи бор. У мусобақанинг ҳал қилувчи баҳсида 63 килограмм вазн тоифасида мезбон мамлакат курашчиси Шоҳида Қаландарованинг курагини ерга текказиб, олтин медални қўлга киритди.
Машҳуранинг ушбу улкан ютуғи вилоятимизнинг қолган ёшларига ҳам катта куч ва шижоат манбаи бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.