Вилоятимизда ёшларни спортга кенг жалб этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг иқтидор ва қобилиятини намоён этиши учун имконият яратиш мақсадида «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида стол тенниси бўйича вилоят босқич баҳслари ўтказилди.
Мусобақага Жиззах шаҳридаги вилоят олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази мезбонлик қилди. Унда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган, маҳорати, чаққонлиги, тезкор фикрлаши ва кучли иродасини намоён этган ёшлар иштирок этди.
Беллашувлар ўғил болалар ва қизлар ўртасида16–21, 22–26 ҳамда 27–30 ёш тоифаларида ўтказилиб, иштирокчиларнинг ғалаба учун иштиёқи ҳар бир ўйинда яққол сезилиб турди.
Якуний натижаларга кўра, 16-21 ёш тоифасида пахтакорлик Жалолиддин Ахматов ҳамда ғаллаороллик Севара Саъдуллаевалар чемпионликни қўлга киритишди. 22-26 ёш оралиғидаги теннисчилар беллашувида эса энг юқори ўрин Жиззах шаҳридан ташриф буюрган Илҳом Мирзаев ва зоминлик Мадинабону Донишеваларга насиб этди. Шунингдек, 27-30 ёш тоифасида бахмаллик Синдор Холбўтаев ҳамда Ш.Рашидов тумани шарафини ҳимоя қилган Дилдора Абдуллаевалар барча рақибларини мағлуб этиб, шоҳсупанинг олий поғонасига кўтарилишди.
Мусобақа ғолиблари республика босқичига йўл олди. Уларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.