ТАДБИРКОРЛАР МЕҲНАТИГА ЮКСАК ЭЪТИРОФ

Ўзбекистонда тадбиркорлар меҳнатини қадрлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ҳар йили 20 август — Тадбиркорлар куни сифатида кенг нишонланади ва фаол ишбилармонлар давлат мукофотлари билан рағбатлантирилади. Яқинда Президентимиз Фармони ҳамда фармойишига биноан Янги Ўзбекистонда тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, мамлакатимиз тараққиёти ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга, ташаббускорлик кўрсатаётган, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ юртдошларимиз Ватанимизнинг юксак мукофотлари ва кўкрак нишонлари билан тақдирландилар. Улар орасида вилоятимиз вакилларининг борлиги дилларимизни фахрга тўлдиради.

Вилоят ҳокимлигида ана шу юксак мукофотларни эгаларига топшириш маросими бўлиб ўтди. Вилоят фаоллари ва кенг жамоатчилик қатнашган тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев йиғилганларни Тадбиркорлар куни билан табриклаб, юртимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган соҳа ходимлари меҳнатининг муносиб рағбатлантирилаётганини,  вилоятимизда тадбиркорларга яратиб берилаётган шароитлар ҳақида гапирди.

—Бу сана  тадбиркорларимиз учун нафақат байрам, балки муаммоларини ҳал этиш учун улкан имкониятлар эшигини ҳам очмоқда,—деди вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев. —Қувонарли жиҳати, ҳар йили муҳтарам Президентимиз билан учрашувни барча тадбиркорлар орзиқиб кутишмоқда. Боиси Президентимиз билан мулоқотдан кейин ушбу соҳада сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда, тадбиркорларга имтиёз ва имкониятлар қамрови кенгаймоқда. Натижада барча ҳудудлар каби вилоятимизда ҳам ишбилармонлик муҳити жадал суръатларда ривожланмоқда.

Бугунги кунда вилоятда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 16,8 мингдан зиёдни ташкил этиб, уларда банд бўлган аҳоли сони эса қарийб 194,5 минг нафарга етди. Ялпи ишлаб чиқаришда хусусий секторнинг ўрни 71,9 фоиздан ошгани ҳам соҳага берилаётган эътиборнинг ёрқин далилидир.

Мамлакатимиз Президентининг алоҳида эътибори натижасида вилоятимиз аграр ҳудуддан саноати ривожланган ҳудудга айланди. Бугунги кунда вилоятимизда саноат корхоналари сони салкам 4 мингтага етди.

Инвестиция ва экспорт ҳажми ҳам йилдан-йилга ошмоқда. Сўнгги 7 йилда жами 4,8 млрд. доллар инвестиция маблағлари жалб этилган бўлса,
яратиб берилган шароитлар натижасида жорий йилнинг ўзида 2,7 млрд. доллар ўзлаштирилиши кўзда тутилган. Шунингдек, йил якунига қадар 306 млн. долларлик маҳсулот дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатларига экспорт қилиниши режалаштирилган.

Тадбирда мукофотларни вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев йиғилганларнинг гулдурос қарсаклари остида топширди.

Жумладан, Зомин туманидаги “Azim Zomin shifo” масъулияти чекланган жамияти директори Ойбек Маматқулов “Дўстлик” ордени ва Шароф Рашидов туманидаги “Ю-Мева” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Юлдуз Жабборова “Шуҳрат” медали билан, Шароф Рашидов туманидаги “Пахтакорлик Диёржон даласи” фермер хўжалиги бошлиғи Нуриддин Абжалов, Зарбдор туманидаги “Miramiller” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Жахонгир Буронов, “ADM Jizzakh” масъулияти чекланган жамияти бош директори Данияр Давлетияров, “Professional assets management” масъулияти чекланган жамияти бош директори Шухрат Мавланов, Пахтакор туманидаги “Semrug‘ cluster” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шоҳҳасан Суванқулов, Дўстлик туманидаги “Obi Sangzor” масъулияти чекланган жамияти раҳбари  Миртоза Султонов, Ғаллаорол туманидаги “New world savdo” оилавий корхонаси таъсисчиси Юлдуз Тоғаева, Жиззах шаҳридаги “Roison home white goods” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Абдулазиз Юнусов “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Тадбирда сўзга чиққан Зомин туманидаги “Azim Zomin shifo” масъулияти чекланган жамияти директори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, “Дўстлик” ордени соҳиби Ойбек Маматқулов  давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилган эътибор, ғамхўрлик ва рағбат учун миннатдорлик изҳор этди.

— Менга берилган юксак давлат мукофоти кўп йиллик камтарона меҳнатимга берилган муносиб эътирофдир, деб биламан,—дейди Ойбек Маматқулов.—Камтарона меҳнатларимизни қадрлаб, рағбатлантирган Юртбошимизга катта раҳмат, бу мукофот келгуси ишларимизга ўзига хос мотивация берди. Шу билан бирга келгусида янада катта масъулият билан ишлашга ундайдиган улкан ишонч ва рағбатдир. Келгусида дам олиш ва соғломлаштириш масканидаги ўринлар сонини 200 тага етказиш устида иш олиб бораяпмиз. Янги иш ўринлари яратиш режаларини тузганмиз.

 — Бугунги кунда корхонамизда 6 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилаяпти,—дейди Жиззах шаҳридаги “Roison home white goods” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Абдулазиз Юнусов.—120 нафар маҳаллий аҳоли вакилларини иш билан таъминлаганмиз. Биз Президентимизнинг тадбикорларни қўллаб-қувватлаётганини доим ҳис қилиб турамиз. Тадбиркорларга берилган имконият ва имтиёзлардан беҳад хурсандмиз. Келгусида Жиззахдаги автомобиль заводларига керакли қисмларни ишлаб чиқариш борасида иш олиб бораяпмиз. “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланганимдан ниҳоятда мамнунман. Бу мукофотни менга ва жамоамизга берилган юксак ишонч ва масъулият, деб биламан.

Тақдирлаш маросимида вилоятимиз раҳбари Президентимиз фармонига биноан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» фахрий унвони билан мукофотланган Бахмал туманидаги “Қўшчинор меваси” фермер хўжалиги бошлиғи Бахтиёр Ахмедовнинг кўп йиллик заҳматли меҳнатларини алоҳида қайд этди. Унга ушбу мукофот республикамиз Президентининг тадбиркорлар билан учрашув доирасида бўлиб ўтган тантанали маросимда топширилди.

Васил ИЛЁСОВ.

Б. ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *