ТАДБИРКОР ҲУҚУҚИ — ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Тадбиркорлик муҳитида қонун устуворлиги ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш иқтисодий тараққиётнинг муҳим шартларидан бири. Шу боис тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувига йўл қўймаслик борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — Бизнес-омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги фаолияти ҳам бу йўналишдаги амалий натижалар билан характерланади.

Жорий йилнинг январь-июль ойларида вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларидан Бизнес-омбудсман ходимларига 449 та мурожаат келиб тушган. Шундан 410 таси кўриб чиқилиб, ҳал этилган. Мурожаатларнинг 165 таси қаноатлантирилиб, тадбиркорларнинг кўтарган масалалари ижобий ҳал қилинган бўлса, 245 та мурожаат юзасидан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тушунтиришлар берилган.

Мурожаатлар билан ишлаш жараёнида тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилган ҳолатлар ҳам аниқланган. Хусусан, Бизнес-омбудсман девони томонидан ўтказилган мониторинг ва таҳлиллар давомида Агросаноат мажмуи устидан назорат инспекциясининг Жиззах вилояти ҳудудий бўлимлари томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналарида текширувларни ўтказиш тартиби бузилгани маълум бўлган.

Инспекциянинг масъул ходимлари 10 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги корхонасида қонун талабларига зид текширувлар ўтказгани ва бунинг оқибатида тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари асоссиз равишда маъмурий жавобгарликка тортилгани аниқланган. Ваколат доирасида кўрилган чоралар натижасида тадбиркорларга нисбатан қўлланган қарийб 63 миллион сўмлик маъмурий жарималарни бекор қилиш таъминланиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Тадбиркорлар мурожаатларининг мазмуни ҳам соҳадаги асосий муаммоли масалаларни кўрсатиб турибди. Келиб тушган мурожаатларнинг салмоқли қисми ер ва бинолар, солиқ муносабатлари, суд қарорлари, шунингдек, суд ва бошқа органлар қарорларининг ижроси билан боғлиқ.

Мурожаатлар ва ўтказилган таҳлиллар натижасида тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида давлат органларига 114 та таъсир чораси қўлланилган. Жумладан, 16 та тақдимнома, 16 та хулоса ва 3 та огоҳлантириш берилган.

Тадбиркорлар манфаатини судларда ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳисобот даврида улар манфаатини кўзлаб судларга умумий қиймати 3,4 миллиард сўмлик 7 та даъво аризаси киритилган.

Қонунбузилишларга йўл қўйган мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш мақсадида 67 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун суд ва бошқа тегишли идораларга юборилган. Кўрилган таъсир чоралари натижасида 7 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, тадбиркорлар фойдасига 396 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундирилиши белгиланган.

Шунингдек, расмийлаштирилган маъмурий баённомалар асосида 60 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгар деб топилган. Уларга нисбатан 8,9 миллиард сўмдан ортиқ жарима давлат фойдасига ундирилган.

Келтирилган рақамлар тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш фақат мурожаатларни қабул қилиш ва уларга жавоб бериш билан чекланмаслигини кўрсатади. Мурожаатлар ўрганилиб, қонунбузилишлар аниқланмоқда, бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича таъсир чоралари кўрилмоқда, зарур ҳолларда тадбиркорларнинг манфаатлари судларда ҳимоя қилинмоқда.

Зеро, тадбиркорнинг ўз фаолиятини қонун доирасида эркин амалга ошириши учун зарур ҳуқуқий кафолатларни таъминлаш — нафақат унинг манфаатини, балки соғлом рақобат ва барқарор иқтисодий муҳитни ҳам ҳимоя қилиш демакдир. Бу йўналишда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва айбдор шахсларнинг жавобгарлигини таъминлаш Бизнес-омбудсман фаолиятининг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолади.

Диёр Ҳасанов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний
манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг
Жиззах вилоят шуъбаси мутахассиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *