МАҚСАДЛИ АУДИТОРИЯ УЧУН ОАВ

Ҳар бир соҳа каби ОАВ ҳам доимий ўзгаришда, янгиланишда. Ўтмиш учун характерли бўлган усуллар бугунги авлодни мутлақо қизиқтирмаслиги, ҳаттоки босма нашрлар мавжудлигининг ўзиёқ ёшларни таажжублантириши мумкин. Жумладан, шу пайтга қадар “етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган” тингловчилар, томошабинлар ёки муштарийларга эга, деб таърифланадиган ОАВ бугун ихтисослашишга, ўз доирасини белгилаб олишга мажбур бўлмоқда. ОАВ сонининг ошиши, ахборот истеъмолчисиниинг танлов ҳуқуқи шуни тақазо этади.

Жиззах шаҳрида воҳамиз журналистлари учун ташкил этилган касбий маҳорат ўқишлари ана шу мавзуга бағишланди. Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази ҳамда Ўзбекистон АОКА ҳамкорлигида ташкил этилган семинар-тренинг “Рақамли давр журналисти: воситалар, текширувлар, манипуляциядан ҳимоя” деб номланди. Таъкидлаш жоизки, ушбу мавзудаги семинар  республика бўйлаб ўтказиб келинаяпти. Жиззах вилоятидаги теле, радио, матбуот ва интернет журналистикаси вакиллари икки кун мобайнида соҳадаги замонавий технологиялар билан танишув, мақсадли аудиторияни аниқлаш ва улар учун ишлаш каби кўникмаларни ўзлаштирдилар.

Иккинчи кунда фактчекинг ва манипуляциядан ҳимояланиш мавзуси ўрганилди. Иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда ўзлари фаолият юритаётган ОАВдаги материалларнинг манипуляциядан ҳимояланганлик даражасини аниқладилар, фактчекинг технологияларини амалда қўллаб кўрдилар.

— Ўқув-семинар рақамли муҳитда ишлаш кўникмасини шакллантириш ва аудитория талабларига жавоб берадиган, рақобатда маълум технологик устунликка эга ҳолда ютиб чиқадиган ОАВ имиджини яратиш мақсадида ҳар бир вилоятда ўтказиб келинаяпти, — дейди Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази тренери Эмиль Фахриев. — Сунъий интеллектдан фойдаланиш ана шундай устунлик беради. Семинар давомида журналистикада қўл келадиган сунъий ақл турларини ва улар ёрдамида меҳнатни ҳам осон, ҳам завқли қилиш усулларини кўриб чиқдик.

Тезкорлик ва сифатлилик журналистик материалнинг асосий талаби бўлар экан, янги технологиялардан фойдаланиш бу жараённи тезлаштиради. Иштирокчилар касб байрамлари олдидан профессионал тарзда ўсиш ва замонавий усулларни қўллаш имконига эга бўлишди. Ўқув семинарида Қозон Федерал университети журналистика йўналиши талабалари ҳам фаол иштирок этдилар. Соҳа вакиллари учун янги билимлар ва кўникмалар тақдим этган ўқув-семинар якунида иштирокчиларга сертификат топширилди.

Шунингдек, ЗЖРМнинг яна бир лойиҳаси — “Табассум” доирасида вилоятдаги ННТлар ва ОАВ ходимлари учун “ОАВ ва экология; иқлим ўзгариши билан боғлиқ нотўғри маълумотлар ва гендер муаммолари” мавзусида ўқув курси ҳам бўлиб ўтди. Тренер Нодира Алимова иқлим ўзгаришларининг гендер зўравонликка таъсири ҳақида журналистик материаллар тайёрлаш ва муаммога қарши курашда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш мавзусида қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.

Муқаддас САПАРОВА

Б.ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *