Бола учун ўйинчоқ — оддий кўнгилочар восита эмас. У унинг тафаккури, тасаввури ва дунёқараши шаклланишига таъсир этувчи муҳим воситалардан биридир. Шунинг учун ўйинчоқ танлашда унинг ташқи кўриниши ёки нархи эмас, аввало хавфсизлиги муҳим бўлиши керак.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар ўйинчоқлари бозори сезиларли кенгайиб, маҳаллий ва импорт маҳсулотлари ҳажми ортиб бормоқда. Бироқ бозорда хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган, сертификатланмаган ёки сифати етарлича тасдиқланмаган ўйинчоқларнинг учраётгани жиддий эътиборни талаб қилади. Мамлакатимизда 2024 йилда ўйинчоқлар, ўйин ва спорт инвентари импорти 79,4 млн АҚШ долларини ташкил этгани ҳам бозор кўлами анча катта эканини кўрсатади.
Муаммонинг жиддийлигини назорат натижалари ҳам тасдиқлайди. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг 2026 йил 3 июлдаги маълумотига кўра, савдо тармоқларида текширилган 60 турдаги ўйинчоқнинг 26 тасида хавфсизлик талабларига номувофиқлик аниқланган. Яъни текширилган маҳсулотларнинг 43,3 фоизи белгиланган талабларга жавоб бермаган.
Жиззах шаҳрида ўтказилган назорат харидлари ҳам ўйинчоқлар хавфсизлиги масаласи долзарблигини кўрсатмоқда. Хитойда ишлаб чиқарилган айрим ўйинчоқларда ўткир ҳид, намликка чидамсиз қоплама, мустаҳкам бириктирилмаган майда қисмлар, механик чидамсизлик ва формальдегид миқдорининг меъёрдан юқорилиги аниқланган. 2026 йилда назорат харидида текширилган 7 та ўйинчоқнинг 4 таси белгиланган санитария талабларига жавоб бермаган.
Бундай маҳсулотларнинг хавфи фақат ташқи сифат билан чекланмайди. Мутахассислар фикрича, ўйинчоқлар таркибидаги зарарли моддалар болалар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айрим ҳолатларда улар тери қичишиши, тошма, нафас қисиши каби реакцияларга, узоқ муддатли таъсир эса асаб тизимига салбий таъсирга сабаб бўлиши эҳтимоли бор.
Яна бир эътиборли жиҳат — ўйинчоқнинг бола руҳиятига таъсири. Бугун ижтимоий тармоқлар орқали оммалашаётган айрим қўрқинчли образлар болалар учун мўлжалланган маҳсулотларга ҳам кириб келмоқда. Шу боис ўйинчоқ хавфсизлигига фақат кимёвий, физик ва механик талаблар нуқтаи назаридан эмас, балки боланинг ёши ва психологик хусусиятлари нуқтаи назаридан ҳам ёндашиш зарур. Ҳозирги тизимда айнан шу масала бўйича аниқ баҳолаш мезонлари ва тартибининг етарлича белгиланмагани муаммоли нуқталардан бири сифатида қайд этилган.
Хорижий тажриба эса хавфни олдиндан аниқлашга асосланган ёндашув самарали эканини кўрсатади. Европа Иттифоқи, АҚШ, Жанубий Корея ва бошқа давлатларда ўйинчоқлар бозорга чиқарилишидан олдин хавфсизлик синовларидан ўтказилади, мувофиқлиги ҳужжат билан тасдиқланади ва бозордаги назорат ҳам мунтазам давом эттирилади.
Хулоса шуки, болалар ўйинчоғи бозорида назоратни фақат қоидабузарлик аниқлангандан кейин чора кўриш билан чеклаб бўлмайди. Импорт, сертификатлаштириш, лаборатория синовлари ва бозор назорати ўртасидаги узвийликни кучайтириш, онлайн савдони ҳам назорат доирасига самарали жалб этиш, шунингдек, ўйинчоқларнинг бола ёши ва психологик хусусиятларига мослигини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш зарур.
Зеро, бола учун танланган ҳар бир ўйинчоқ аввало хавфсиз, кейин қизиқарли бўлиши керак.
Хусан Абдуниязов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари.