Жиззах шаҳрининг “Яккасарой” тўйлар мажмуасида турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, айни пайтда ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлиб келаётган бир гуруҳ нуронийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Жорий йилда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгаши қарорига кўра, Жиззах вилоятидан 55 нафар фаол нуроний “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбирда дастлаб вилоят ҳокимининг ўринбосари Саҳобиддин Болиев сўзга чиқиб, вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоевнинг кекса авлод вакилларига йўллаган табригини ўқиб, эшиттирди. У юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳар бир юртдошимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётгани, ҳар бир фуқаро ёшидан қатъий назар давлат ҳимоясида бўлиб, улар учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилаётганлигини алоҳида таъкидлади. Шундан сўнг, С.Болиев I, II ва III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари ҳамда пул мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

Тақдирлаш маросимида шунингдек, “Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, таниқли журналист Шароф Убайдуллаев ҳам сўзга чиқиб, вилоятимизда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган ҳамда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, Ватанга муҳаббат ва юртга садоқат руҳида тарбиялашда ибрат бўлиб келаётган фахрийларнинг хизматлари давлатимиз томонидан муносиб қадрланаётгани ҳақида гапирди. Таъкидланганидек, нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибаси ҳамда доно маслаҳатлари маҳаллаларда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва юксак маънавият руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Тантана давомида ижро этилган куй-қўшиқлар даврага янада кўтаринкилик ва файз улашди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).