Капитан Моҳинур Муродова учун форма оддий хизмат либоси эмас. Унда қасамёд, масъулият ва Ватанга садоқат мужассам. Хизмат либосини кийганида у талабчан ва принципиал ходимга айланади. Уй остонасидан киргач эса унвон ва хизмат масъулиятини ортда қолдириб, оиласи учун меҳрибон рафиқа, она ва яқинлари суяна оладиган инсон бўлиб қолади.
Моҳинур 1999 йил 14 ноябрда Жиззах шаҳрида ишчи оиласида таваллуд топган. Болалиги меҳнат, масъулият ва оилавий қадриятлар муҳитида ўтган. Отаси Жўраев Илҳом Жиззах вилояти бўйича Марказий банк Бош бошқармасида меҳнат қилган. Афсуски, у 2003 йилда вафот этган. Онаси Жўраева Шаҳло эса бугунги кунга қадар мазкур тизимда ишлаб келмоқда.
Оилада икки фарзанд — Моҳинур ва унинг акаси. Санкт-Петербургда тиббиёт йўналишида таҳсил олаётган акаси болалигидан синглисига ўрнак бўлиб келган. У Моҳинурнинг спортга қизиқишида ҳам муҳим ўрин тутган. Бир вақтлар акасидан қолишмаслик учун сузишни ўрганган қиз кейинчалик ушбу спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионига айланди.
Касб танлашда оилавий хотиралар ҳам муҳим аҳамият касб этган. Моҳинур мактаб йилларида амакисининг Ички ишлар академиясида қасамёд қабул қилиш маросимида иштирок этган. Академия биноси, саф майдони, форма кийган ёшлар унда катта таассурот қолдирган. Ўша куни пайдо бўлган қизиқиш йиллар ўтиб уни ички ишлар органлари тизимига етаклади.
2018–2021 йилларда Моҳинур Ички ишлар академиясининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси» йўналишида таҳсил олди. Хизмат фаолиятини 2021 йил июль ойида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимида бошлади. 2024 йил март ойига қадар ёшлар ва ўсмирлар билан ишлади.
Айни пайтда капитан Моҳинур Муродова Жиззах вилояти ИИБ Миграция ва персоналлаштириш бошқармасининг хорижий фуқаролар билан ишлаш гуруҳида муҳим топшириқлар бўйича инспектор лавозимида хизмат қилмоқда. Унинг вазифалари хорижий фуқароларнинг ҳужжатлари, ҳуқуқий мақоми, Ўзбекистон ҳудудида бўлиш ва ҳаракатланиши билан боғлиқ масалалар, шунингдек, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашни қамраб олади.
Моҳинурнинг самарали меҳнати бир қатор мукофотлар билан эътироф этилган. Ички ишлар вазирининг қўл соати, «Ёшлар фидоиси» ва «Ватанга содиқ инсон» кўкрак нишонлари, шунингдек, Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг фахрий ёрлиқлари унинг сидқидилданги хизматининг эътирофи бўлди.
Спорт эса Моҳинур ҳаётида алоҳида ўрин тутади. У сузиш бўйича Ўзбекистон чемпиони, енгил атлетика бўйича мамлакат чемпионати совриндори. Тошкент халқаро марафонида 5 километр масофада ғолибликни қўлга киритган. «Мен — ғолиб» мусобақасида иккинчи ўринни эгаллаган. Айни пайтда Ички ишлар вазирлигининг «Тумарис» терма жамоаси аъзоси.
Спортдаги ютуқлари Моҳинурнинг таълимдаги муваффақиятлари билан ҳам уйғун. У Жиззах олимпия захиралари коллежини аъло баҳолар билан тамомлаган ва имтиёзли асосда Ички ишлар академиясига ўқишга қабул қилинган.
2023 йилда Президент ташаббуси билан барпо этилган мазкур таълим муассасасида ёшлар билан ўтказилган учрашувда Моҳинур давлат раҳбари билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлган.
Бироқ Моҳинурнинг ҳаёти фақат хизмат ва спортдан иборат эмас. У турмуш ўртоғи билан бир олий таълим муассасасида таҳсил олган. Бугун улар бир соҳада меҳнат қилмоқда. Оилада бир нафар қиз фарзанд тарбияланмоқда.
Хизматда талабчан ва принципиал бўлган Моҳинур уйда оиласига меҳр ва эътибор беради. Унинг фикрича, касб ва оилани бир-бирига қарама-қарши қўйиш эмас, балки улар ўртасида тўғри мувозанатни топиш муҳим.
Бўш вақтини ҳам Моҳинур мазмунли ўтказишга ҳаракат қилади. Унинг севимли машғулотларидан бири — китоб ўқиш. Ўзига ҳар ой камида битта китоб ўқиш мақсадини қўйган. Айни пайтда Тоҳир Маликнинг «Мурдалар гапирмайди» қиссасини мутолаа қилмоқда. Югуриш ҳам унинг севимли машғулотларидан. Талабалик йилларида стадионда югуришни яхши кўрган бўлса, бугун узоқ масофаларга югуришни афзал кўради. Унинг айтишича, югуриш чарчоқ ва кундалик ташвишлардан халос бўлишга ёрдам беради.Шунга қарамай, унинг режалари бугунги хизмат фаолияти билан чекланмайди. Моҳинурнинг энг катта орзуси — нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёдаги энг ёш аёл генерал бўлиш.
— Орзуларингиздан қўрқманг! — дея ички ишлар органлари тизимида хизмат қилишни истаган қизларга мурожаат қилади Моҳинур. — Катта мақсадга эришиш учун, аввало, унга ишониш керак. Кейин эса ҳар куни орзуингиз сари ҳеч бўлмаса бир қадам ташланг.
Шахноза ДЖАЛИЛОВА.