ШАРАФЛИ КАСБНИНГ МУНОСИБ РАҒБАТИ

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида фаолият юритаётган ходимлар тартиб ва хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳаётини асраш йўлида кечаю кундуз меҳнат қиладилар. Бунда ҳар бир ходимнинг масъулияти, ҳушёрлиги ва касбига садоқати муҳим аҳамият касб этади.   Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида йўл-патруль хизмати инспектори сифатида фаолият юритаётган кичик сержант Улуғбек Донишев ҳам ана шундай масъулиятли ва шарафли касб эгаларидан биридир. Унинг халққа узоқ йиллик фидокорона хизматлари эътироф этилиб, Мустақиллик байрами арафасида “Содиқ хизматлари учун” медали билан мукофотланди. Улуғбек ака ушбу қувончли хабарни отасига етказганда, икки ҳисса шодлик ҳиссини туйгани бор гап. Ахир айнан отаси сабаб у ушбу соҳага қадам қўйган.

Жиззах шаҳрининг Хайробод маҳалласида туғилиб ўсган қаҳрамонимиз ички ишлар тизимидаги фаолиятини 2003 йилда Қўриқлаш хизматида бошлаган. 2019 йилдан буён эса Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида хизмат қилиб келмоқда. Мана саккиз йилдирки, унинг ҳар бир куни йўлларда ўтади. Йўловчи учун бир қарашда оддий туюлган сониялик вазиятлар аслида инсон ҳаёти ва тақдирини ҳал қилувчи муҳим паллага айланиши мумкинлигини Улуғбек ака яхши билади.

Бир куни Самарқанд вилоятига тегишли автомашина Жиззах вилояти ҳудудида йўл-транспорт ҳодисасига учради. Воқеа жойига етиб борган кичик сержант вазиятни тез баҳолади. Машинадаги аёлнинг аҳволи оғир эди. Уни зудлик билан шифохонага етказиш зарурлигини англаган лавҳамиз қаҳрамони атрофда тўпланиб қолган одамларга илтимос қила бошлади. Аммо ҳеч ким оғир аҳволдаги аёлни машинаси салонига чиқаришни истамасди. Шунда у дарҳол бир қарорга келди. Аёлнинг фарзандларини воқеа жойида ҳамкасбларига қолдирди-да, шошилинч ёрдам кўрсатилиши зарур бўлган инсонни хизмат автомобилига жойлаштириб, касалхона томон шошилди. Инсон ҳаётини сақлаб қолишга уринди. Кейинчалик аёлнинг турмуш ўртоғи уни излаб ишхонасига келди. У оғир аҳволда қолган рафиқасига кўрсатилган ёрдам, инсонпарварлик ва эътибор учун Улуғбек акага миннатдорлик билдирди.

У.Донишевнинг фаолияти йўлда қоидабузарликларнинг олдини олиш билан чекланмайди. У йўл ҳаракати хавфсизлигининг фаол тарғиботчиси сифатида Жиззах шаҳридаги 1-сонли мактабга шу йўналиш бўйича масъул этиб белгиланган. Ушбу мактабнинг гавжум чорраҳалардан бири яқинида жойлашгани вазифанинг аҳамиятини янада оширади. Бу ерда олиб бориладиган ҳар бир тушунтириш иши бир инсоннинг ҳаётини асраб қолишга хизмат қилади. Бу жараёнда Улуғбек ака болаларга йўл қоидаларини ўргатибгина қолмай, уларда йўл маданиятини шакллантиришга ҳам муҳим ҳисса қўшади.

Ички ишлар ходимининг катта ўғли Ҳумоюн Жамоат хавфсизлиги университетининг 3-босқич тингловчиси. У отаси изидан боряпти. Кичик ўғли Сувонжон эса тиббиёт билим юрти талабаси. Донишевлар оиласи учун ушбу мукофот отанинг меҳнати,  садоқати ва ҳалол хизматига берилган юксак баҳодир.

— Бу ютуқ бутун шахсий таркибга берилган мукофотдир, — дейди қаҳрамонимиз. —Менинг ҳар бир ҳамкасбим бундан-да юксак эътирофга лойиқ. Чунки бизнинг ҳар иш кунимиз Ватанга садоқат, халққа хизмат, осойишталикка элтувчи умрнинг бир саҳифаси. Аслида мен учун ҳақиқий рағбат — йўлда соғ-омон ҳаракатланаётган одамлар, мактабдан уйига эсон-омон қайтаётган болалар, оғир вазиятда ўзини ёлғиз ҳис қилмай, яқинидан кўмак топаётган инсонларни кўришдир.

Суҳбатимиз якунлангач, Улуғбек ака яна хизматга шошилди. Унинг учун касбий фаолияти инсон ҳаёти, йўл хавфсизлиги, фарзандлар тақдири ва Ватан осойишталиги учун масъулият демакдир. “Содиқ хизматлари учун” медали эса йиллар давомидаги ана шу меҳнатнинг юксак эътирофи бўлди.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *