ШАФФОФ ТЎЛОВГА НИМА ХАЛАҚИТ БЕРЯПТИ?

Жиззах вилояти ҳокимининг «Жиззах шаҳрида жамоат транспортида йўлкира ҳақини тўлашда нақд пулсиз тўлов тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори имзолангач, фуқаролар учун йўл ҳақини тўлашда бир қатор қулайликлар яратилди. Аввало, таклиф этилган тўлов усули арзон, тезкор ва осонлиги билан ажралиб туради. Хусусан, электрон тўловлар орқали йўловчиларнинг қимматли вақтлари тежалади. Шунингдек, ортиқча оворагарчиликлар, ҳайдовчиларнинг ўз вазифасидан чалғиши оқибатида юзага келадиган кўнгилсиз йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олинишига эришилади.  Энг муҳими, бу тизим яширин иқтисодиётга барҳам бераётгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Шунга қарамай, Жиззах шаҳрида “брутто-шартнома” асосида ҳаракатланадиган айрим автобус ҳайдовчиларининг йўл ҳақини йўловчилардан нақд пул кўринишида олаётганига кўп бора гувоҳ бўламиз. Буни яширин иқтисодиётни бартараф этиш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда белгиланган тартиб-қоидаларга нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолаш мумкин.

Айни пайтда жамоат транспортида йўл ҳақининг белгиланган тартибда ва шаффоф тўланишини таъминлаш мақсадида зарур назорат механизмлари йўлга қўйилган. Хусусан, вилоят транспорт бошқармасининг ўнга яқин махсус инспектори шаҳарнинг гавжум ҳудудларидаги бекатларда фаолият олиб бориб, йўловчиларнинг йўл ҳақини тўлаш жараёнини назорат қилмоқда. Улар фуқароларга йўл ҳақини фақат электрон шаклда тўлаш лозимлигини тушунтириб, белгиланган тартибга риоя этиш зарурлигини эслатиб келяптилар. Қоидабузган фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилиши бўйича огоҳлантирилмоқда. Қолаверса, аксарият автобуслар салонида ҳайдовчига нақд пул бермаслик ҳақидаги ахборотлар ҳам жойлаштирилган. Шундай экан, рақамли тизимнинг ишлаш тартиби фуқаролар учун тушунарсиз, деган баҳонага асло ўрин қолмаслиги керак.

Бироқ амалиётдаги ҳолатлар бу борада ҳали ечимини кутаётган муаммолар борлигини кўрсатмоқда. Расмий маълумотларга кўра, жорий йил июнь ойида Жиззах шаҳридаги “брутто-шартнома” асосида ҳаракатланган 137 та автобусда жами 693,8 минг нафар йўловчи ташилган бўлиб, йўл ҳақини нақд пул кўринишида тўлаш билан боғлиқ 787 та қоидабузарлик аниқланган. Қоидабузарлик содир этган фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси (транспортда чиптасиз юриш) бўйича белгиланган тартибда жарималар қўлланган.

Ушбу рақамларнинг ўзиёқ вазиятнинг қай даражада жиддий эканини кўрсатиб турибди. Энг ачинарлиси, олиб борилаётган тарғибот ишлари ва кўрилаётган чораларнинг узлуксизлигига қарамай, йўл ҳақини нақд пул кўринишида тўловчи фуқаролар сони юқорилигича қолмоқда.

—Электрон тўлов тизимининг самарали ишлаши биринчи галда ҳар бир йўловчининг белгиланган тартибга қатъий амал қилишига боғлиқ, — дейди вилоят транспорт бошқармаси Жиззах йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси директори ўринбосари Аҳмад Сондибоев. —Ҳар бир инсон жамоат транспортидан фойдаланиш маданияти ва фуқаролик масъулиятини тўлиқ намоён этиши лозим. Шу билан бирга, бу жараёнда ҳайдовчилар ҳам ўз ваколатларидан четга чиқмасликлари талаб этилади. Афсуски, айрим ҳайдовчилар томонидан йўловчилардан очиқчасига нақд пул талаб қилиш ҳолатларининг ҳам учраётгани рост. Бу эса тизимда кўзланган шаффофлик тамойилига зид. Бундай ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш учун автобус салонидаги видеокузатув камералари ёзувларини текшириш талаб этилади. Аммо мазкур видеоматериаллар автобус эгаси бўлган масъулияти чекланган жамият ихтиёрида бўлгани сабабли, бошқармамизда тадбиркор мулкини тўғридан-тўғри мустақил равишда кўриб чиқиш ваколати мавжуд эмас. Шу боис, йўловчилардан нақд пул қабул қилган ҳайдовчиларнинг тўлиқ-хатти-ҳаракатини кузатиш ва уларга ҳуқуқий баҳо бериш жараёнида муайян қийинчиликлар юзага келмоқда.

Кўриб турганимиздек, муаммонинг қалқиб чиққан иккинчи томони анча жиддий. Яъни қоидабузарликларни тўлиқ аниқлаш ва унга баҳо бериш имконияти юзасидан тегишли ташкилотлар ўртасида ўзаро мувофиқлик мавжуд эмас. Умид қиламизки, вилоят транспорт бошқармаси томонидан масаланинг ушбу жиҳати тез орада ҳал қилинади. 

Шуни унутмаслик керакки, жамоат транспортларида электрон тўлов тизимининг жорий этилишидан кўзланган асосий мақсад ҳар бир тўловнинг аниқ ҳисобини юритиш, тушумларнинг шаффофлигини таъминлаш ва аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини оширишдан иборат. Вилоятимизда ҳам ушбу тизимнинг самарадорлигини кучайтириш ва бу борада фуқароларнинг масъулиятини ошириш йўлидаги ишлар давом этади.

 Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *