Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидалари янада такомиллаштирилмоқда. Эндиликда Gʻ ҳарфи Ğ шаклида, Oʻ ҳарфи Ö шаклида, Sh ҳарфи Ş шаклида, Ch ҳарфи Ç шаклида ифодаланиши кутилмоқда. Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонунда ўз аксини топган.
30 йилдан ортиқ вақт мобайнида фойдаланиб келинаётган Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси айрим жиҳатлар бўйича нафақат фойдаланувчилар, балки интернет қидирув тизимлари, электрон луғатлар, давлат ахборот тизимлари ва сунъий интеллект учун ҳам бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётгани сир эмас. Асосий муаммолар амалдаги тўртта ҳарфнинг ёзувда мураккаб ифодаланиши билан боғлиқ. Қонун лойиҳасида “Sh”, “Ch”, “Oʻ” va “Gʻ” ҳарфларининг ёзувда қулай ифодаланиши бўйича таклиф этилган ўзгартиришлар жой олган.
Яъни Oʻ oʻ ҳарфи ўрнига — Ö ö, Gʻ gʻ ҳарфи ўрнига — Ğ ğ, Sh sh ҳарфи ўрнига — Ş ş, Ch ch ҳарфи ўрнига — Ç ç қабул қилиниши кутилмоқда. Бу орқали амалдаги алифбони замонавий эҳтиёжларга мослаштириш кўзда тутилган. Шу муносабат билан Давлат тилида иш юрутиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Собир Ахмедов билан мавзуга доир суҳбатлашдик.
Нега амалдаги алифбони янада такомиллаштиришга эҳтиёж туғилди?
—1993 йилда лотин алифбоси қабул қилинганда интернет эндигина ривожланаётган, қидирув тизимлари оммалашмаган, сунъий интеллект, электрон ҳукумат порталлари, улкан маълумотлар (Big Data) ёки табиий тилни қайта ишлаш (NLP) каби технологиялар ҳали ҳаётимизга кириб келмаган эди. Бугун эса талаблар бутунлай бошқача. Тил нафақат инсонлар ўртасидаги мулоқот воситаси, балки компьютерлар қайта ишлайдиган маълумотлар тизимига айланди. Давлат хизматлари рақамли шаклга ўтмоқда, электрон архивлар кенгайиб, қидирув тизимлари миллиардлаб ҳужжатларни қамраб оляпти. Сунъий интеллект эса ўзбек тилида матн тузиш, таржима ва таҳлилни автоматлаштириб, тилнинг рақамли макондаги имкониятларини тобора кенгайтирмоқда. Шундай экан, ёзув тизимига қўйиладиган талаб ҳам ўзгарди.
Жорий алифбодаги энг катта ноқулайликлардан бири “O‘” ва “G‘” ҳарфларининг ёзилишидир. Назарий жиҳатдан улар махсус белги билан ёзилади. Амалда эса оддий фойдаланувчи бу белгини рақамли клавиатурадан топа олмайди. Бу камчилик нафақат матн теришда, балки электрон ҳужжатлар, қидирув тизимлари, дастурлар, маълумотлар базалари ва расмий ёзишмаларда ҳам ноқулайлик туғдиради. Натижада бир хил ҳарф турли матнларда Oʻ, O, O’, O`, O’, O´, O’ каби бир неча хил кўринишда ёзилади. “G‘” ҳарфи билан ҳам худди шундай ҳолат кузатилади. Бир ҳарфнинг хато тиниш белгилари орқали бир нечта кўринишда ифодаланиши имло нуқтаи назаридан нотўғри ҳисобланади. Шу сабабли кўчалардаги пешлавҳалар, реклама баннерлари, давлат муассасалари стендлари ва ҳатто айрим расмий ҳужжатларда ҳам бир хил сўз турлича ёзилганини учратиш оддий ҳолга айланди. Бу эса ягона имло меъёрини таъминлашни қийинлаштиради.
Ушбу муаммо рақамли муҳитда янада яққол кўринади. Компьютер тизимлари турли белгиларни алоҳида код сифатида қабул қилгани учун бир хил сўзнинг турли ёзилишлари қидирув тизимлари, электрон луғатлар ва маълумотлар базаларида алоҳида вариантга айланади. Натижада, қидирув пайти “O‘” ва “G‘” ҳарфлари устидаги белгини имловий жиҳатдан тўғри ёзган тақдирингизда ҳам излаган маълумотингизни катта эҳтимол тезда топа олмайсиз. Янги вариантда “O‘” ва “G‘”нинг ягона кўринишга келтирилиши матн теришни соддалаштириб, электрон тизимлардаги хатоларни камайтиради.
“Sh” ва “Ch” ҳарф бирикмаларини алоҳида ҳарфларга айлантириш қандай қулайлик беради?
— “Sh” ва “Ch” ўзбек тилида жуда фаол қўлланадиган товушлар. Амалда эса улар икки ҳарф орқали ифодаланади. Янги вариантда “бир товуш — бир ҳарф” тамойилига ўтилади. Бу ёзиш ва теришни соддалаштиради, матн ҳажмини ҳам қисқартиради. Бугун ёшлар орасида тезроқ ёзишга интилиш кучли. Ижтимоий тармоқларда “sh” ўрнига “w”, “ch” ўрнига “4”, “o‘” ўрнига “6” каби норасмий белгилардан фойдаланиш ҳолатлари ҳам учрайди. Таклиф этилаётган ўзгаришлар эса бу эҳтиёжни адабий меъёр доирасида ҳал этишга хизмат қилади.
Янги ҳарфларни клавиатурада ёзиш муаммоси қандай ҳал этилади?
— Янги ҳарфларни клавиатурада териш техник жиҳатдан мураккаб эмас. Кирилл ёзувидаги Ў, Қ, Ғ, Ҳ ҳарфлари ҳам стандарт клавиатурадаги бошқа белгилар ўрнига жойлаштирилгани каби, Ö, Ğ, Ş, Ç ҳарфларини ҳам махсус клавиатура терилмаси орқали битта тугмага бириктириш мумкин.
Бундай терилмани яратиш жуда оддий жараён. Microsoft, Apple ёки Google каби компанияларга расмий сўров юборилса, янги таҳрирдаги ўзбек лотин клавиатурасини дастурий янгиланишлар орқали тизимларга киритиш мумкин. Демак, тўртта ҳарфнинг қулайлашиши турли соҳа мутахассисларининг ишини анча енгиллаштиради.
Янги алифбо рақамли муҳит ва замонавий эҳтиёжларга қандай мослашади?
— Таклиф этилаётган ислоҳот янги алифбо яратиш эмас, балки мавжуд тизимдаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган. Тил — фақат маданият эмас, у энди технология ҳамдир. Демак, алифбо ҳам нафақат филологлар, балки дастурчилар, сунъий интеллект муҳандислари, ноширлар ва миллионлаб фойдаланувчиларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб баҳоланиши керак. Ҳар қандай алифбо, энг аввало, инсонга хизмат қилиши керак.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ ёзиб олди.