БОЛАЛИК ОРЗУЛАРИ САҲНАДА ЖОНЛАНАДИ

Бола учун театр — оддий саҳна эмас, балки эртаклар оламига очилган эшик. Шу боис театр жамоаси ҳар бир спектаклни болаларнинг ёши, қизиқиши ва дунёқарашини инобатга олган ҳолда тайёрлайди.

— Асар танлашда, аввало, ёш томошабинларнинг қизиқишлари ва замонавий ҳаётни ҳисобга оламиз. Болалар эътиборини жалб этиш учун юмор, мусиқа, саҳна эффектлари ва интерактив усуллардан фойдаланамиз, — дейди Жиззах вилояти болалар қўғирчоқ театри адабий қисми мудири Гулчехра Салимова.

Театр жамоаси учун 2025 йил самарали келди. А. Пушкин асари асосида саҳналаштирилган «Олтин балиқча» спектакли Қўғирчоқ театрларининг Республика фестивалида учинчи ўринни эгаллади. «Томоша» спектакли эса жамоага Доғистон Республикасининг Махачқала шаҳрида ижодини намойиш этиш имконини берди.

Бугун театрда 55 нафар ходим меҳнат қилади, уларнинг 23 нафари ижодий гуруҳ аъзоларидир. Артистлар учун энг катта баҳo — болаларнинг кулгуси, қувончи ва олқишлари.

Айни пайтда театр репертуаридан «Олтин балиқча», «Дўстлик боғи», «Дарс», «Тузоқ» каби спектакллар ўрин олган. Яқин кунларда эса кичик томошабинларга миллий-тарихий «Улуғбек болалиги» спектакли тақдим этилади.

Театр жамоаси болаларга нафақат яхши кайфият улашиш, балки саҳна орқали эзгулик, миллий қадриятлар ва Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдиришни мақсад қилган. Зеро, томошадан сўнг боланинг юзида пайдо бўлган самимий табассум — санъаткор учун энг қимматли мукофот.

Шахноза ДЖАЛИЛОВА.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *