“Энди Ўзбекистонда сув муаммо бўлмайди: Россия барча Сибир дарёларини бизга йўналтиришга ваъда бермоқда”. Шу кунларда ижтимоий тармоқлардаги “ўпка”каналларда мазкур мазмундаги хабар кенг тарқалди. Нима эмиш, “Россия Фанлар академияси Сибир дарёларини Марказий Осиёга, Ўзбекистонга йўналтириш бўйича янги лойиҳа режаларини эълон қилди ва бу яқин йилларда юртимизда кутилаётган ичимлик суви танқислигига барҳам беради” эмиш. Одатда илмий янгиликлар унчалик севиб “истеъмол” қилинмайди. Аммо бу хабар юртимизда сув муаммосининг осон ва тайёр ечими сифатида кўпчиликка манзур бўлган кўринади.
Аслида бу лойиҳа янгилик эмас, унинг тарихи XIX асрнинг иккинчи ярмига бориб тақалади. 1868 йилда Киев университети битирувчиси Яков Демченко Обь ва Иртиш дарёларининг сувини Орол-Каспий пасттекислигига оқизиш режасини ишлаб чиққанди. 1948 йилда россиялик географ, академик Владимир Обручев Сибирь дарёларини Марказий Осиёга оқизиш ҳақида Сталинга хат ёзади. Режа эътиборсиз қолдирилади. Урушдан кейинги йилларда эса пахта яккаҳокимлиги кучайиб бориши натижасида Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудида янги ерларни ўзлаштириш учун сув муаммосини ҳал қилиш зарурати юзага келади. Ана шунда йиллар давомида фараз, таклиф кўринишида яшаб келаётган йирик дарёлар сувини Ўрта Осиёга йўналтириш ғояси яна ёдга тушади. Ҳаттоки амалий ишлар бошланиб, Иртиш-Қарағанда канали 1971 йилда фойдаланишга топширилади. Сибирдаги дарёлар сувини Каспий ва Орол денгизигача ана шу канални давом эттириш орқали олиб келиш режа қилинади.
Афғонистондаги мақсадсиз уруш сабаб ушбу лойиҳани молиялаштириш тўхтаб қолади, шунингдек, кенг жамоатчилик ва илмий доираларнинг эътирозлари сабаб ҳам. Хўш, ўзини оқламаслиги бир замонлардаёқ аниқ бўлган бу лойиҳани яна кўтариб чиқишдан ва оммани чалғитишдан нима наф?
Эътибор берган бўлсангиз, бу сафар Сибир дарёлари сувини ёпиқ қувурлар орқали келтириш ҳақида гап кетаяпти. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳанинг потенциал қиймати 100 миллиард доллардан ошиши мумкин ва асосий иншоотларни қуриш камида 10 йил давом этади. Хўш, 10 йил муддатда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида қандай прогнозлар бўлади, сув сарфини ақлли бошқариш, сув тежамкор технологиялар ва экин турларини танлаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар билан ҳисоблашилганми?
-Сибир дарёларининг бир қисмини Марказий Осиёга буриш лойиҳаси минтақада сув танқислиги ортиб бораётгани сабабли кун тартибига қайтаётган ўта ўлкан ғоядир. У кенг кўламли ечимни таклиф қилиши мумкин, аммо бу жуда катта харажатлар ва муҳим экологик, сиёсий ва ижтимоий хавфлар билан бирга келади. Россия Фанлар Академияси олимлари лойиҳани амалга ошириш учун камида100 млрд АҚШ доллари ва 10 йилдан кам бўлмаган муддат талаб қилишини ҳисоб-китоб қилишган. Унга асосан насос станциялар босимли қувурлар орқали йилига 20 млрд м3 сувни, Обь дарёси сувларини Қозоғистон ваЎзбекистон ҳудудларига узатади. Бу йўл билан келтирилган сув биз учун ҳақиқатда олтинга тенг бўлади, – дейди “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети «Насос станциялари ва гидроэлектростанциялар» кафедраси доценти, «Сувчи» жамоат бирлашмаси ижрочи директори Назир ИКРАМОВ. – Иккинчидан, шунча миқдордаги сувни дарё оқимидан олиниши Сибир экотизимларига таъсир қилиши, яъни гидрологиянинг ўзгариши, сув балансининг бузилиши ва минтақанинг микро ва макроиқлимига таъсир этиши мумкин. Агар ҳозирги кунда Ўзбекистонда йилига ўртача 50 млрд м3сув ишлатилаётганлиги, уларнинг 30% ортиғи ирригация тизимларини яхши ҳолатда эмаслиги ҳисобига исроф бўлаётганлигини инобатга олсак, унча катта бўлмаган миқдордаги сув учун миллиардлаб маблағ сарфлагандан кўра ўз ички имкониятларимизни ишга солиш тўғрироқ бўлади. Агар мамлакатимизда мавжуд сув захиралари тежамли ва оқилона ишлатилса, сув муаммосини баҳоли қудрат ҳал этиш мумкин. Чунки сувнинг 90% яқини қишлоқ хўжалиги учун ишлатилмоқда. Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда, ирригация тизимларини модернизация қилиш, мавжуд ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Ушбу ёндашув янада барқарор ва камроқ экзотик дивидендлар бериши мумкин: “Сибирдан 100 миллиард долларга сув” эмас, балки ҳозирда мавжуд бўлган ресурсларимизни оптималлаштириш.
PR материал орқали юзага келадиган асосий хавф бу сувни исроф қилишда давом этишга даъватдир. Сўнгги йилларда сув тежамкорлиги бўйича тарғибот кампаниялари, экологлар ва соҳа ходимларининг тушунтиришлари ОАВда бот-бот янграётган, “олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деган қарашларни ўзгартиришга бироз бўлса-да ҳисса қўшаётган бўлса-да, сув тақчиллиги муаммосига осон ва тезкор ечим сифатида онг остига таъсир қилиши, натижада сувга қимматли ресурс эмас, яна мўл-кўл ва беқадр неъмат сифатида қарашларни рағбатлантириш табиий.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 16 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида ҳам минтақа мамлакатлари учун экология, иқлим ва сув ресурслари тақчиллиги масалалари тобора долзарб бўлиб бораётгани шароитида Марказий Осиёнинг “яшил” тараққиёт концепциясини тез фурсатда қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди. Минтақада сув танқислиги ортиб бораётганини ҳисобга олиб, 2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш таклиф этилди. Қўшни Афғонистонни Амударё ҳавзаси сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга фаол жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Ижтимоий тармоқлардаги хабарларни кўр-кўрона қабул қилиш эмас, уни таҳлил ва мушоҳада тарозусида тортиб кўриш замонамиз кишилари учун муҳимликда саломатликдан кам аҳамиятга эга эмас. Масала сув мавзусида бўлар экан, ундан қишлоқ хўжалигидами, маиший шароитдами, тежаб-тергаб фойдаланишда давом этган маъқул.“Дарё олдида яшасанг ҳам сувни тежаб ишлат” деган ўгит худди бугунги кун учун айтилгандай.
Муқаддас САПАРОВА.