ЖИЗЗАХДА ИЛК ТУР СТАРТ ОЛДИ

Жиззах шаҳридаги вилоят футбол академияси спорт залида футзал бўйича Ўзбекистон ХХХ миллий чемпионатининг биринчи тур баҳслари бўлиб ўтди. Олий лиганинг 12 та жамоаси иштирокида олти кун давомида жами 18 та учрашув ташкил этилди.

Майдонда нафақат гранд жамоалар, балки Лига дебютантлари ва янги ташкил этилган клублар ҳам муносиб кураш олиб боришди. Ўйинларда жамоалар даражаси бир-бирига яқинлашгани, футзалчиларнинг ғалабага бўлган иштиёқи ва шижоати мухлислар ҳамда мутахассисларга манзур бўлди.

Якуний натижаларга кўра, лиганинг амалдаги чемпиони — “BMB PFC” биринчи турда юз фоизлик натижа қайд этган ягона жамоа бўлди. Қаторасига тўрт йилдан буён чемпионликни қўлдан бой бермай келаётган жиззахликлар учта баҳснинг барчасида ғалаба қозониб, 9 очко жамғаришга эришдилар. Бухоронинг “Нурафшон” клуби эса икки ғалаба ва бир дуранг билан 7 очко тўплаб, иккинчи поғонадан жой олди. Лига дебютантлари “Хоразм”, “Сайхун” (Сирдарё вилояти), “СҚБ” ҳамда “Максам-Чирчиқ” клублари 6 очко билан кейинги ўринларни банд этишган.

Олий лиганинг навбатдаги тур баҳслари 28 сентябрдан 3 октябргача Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуасида бўлиб ўтади.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *