ИЖОД АҲЛИ СПОРТДА ФАОЛ

Мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллик байрами муносабати билан Жиззах давлат педагогика университети майдонларида журналистлар ўртасида спортнинг мини-футбол туридан “Жиззах шаҳар ҳокими кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил этилган ушбу турнирда маҳаллий ОАВ вакиллари ҳамда қўшни Сирдарё вилоятидан ташриф буюрган ижод аҳли жамоалари иштирок этдилар.  

Мусобақанинг очилиш маросимида Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов, уюшманинг вилоят бўлими раиси Абдужалол Қаюмовлар сўзга чиқиб, юртимизда ижтимоий-иқтисодий соҳалар қатори спорт, айниқса, оммавий спорт турларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, журналистларнинг касбий фаолиятида жисмоний баркамоллик ва соғлом турмуш тарзининг аҳамияти хусусида фикр билдирдилар. Шунингдек, бундай мусобақалар ҳамкасблар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ижодий мулоқотни бойитиш ва дўстона алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Қизғин ва муросасиз курашларга бой ўтган мусобақа якунига кўра, Сирдарё вилоят телерадио компанияси жамоаси барча рақибларини енгиб, муносиб тарзда чемпионликни қўлга киритди. Финалда имкониятни бой бериб қўйган Жиззах шаҳар телевидениеси вакиллари кумуш медаль билан кифояландилар. Учинчи ўрин “Жиззах ҳақиқати — Джизакская правда” жамоасига насиб этди.

Ғолиб ва совриндорларга турнир ташкилотчилари томонидан медаль ва эсдалик совғалари топширилди. 

С.ЮСУПОВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *