ЗАМОНАВИЙ ГАЗ ТАЪМИНОТИ ЙЎЛИДАГИ ПИЛОТ ЛОЙИҲА

Газ таъминоти тизимида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, қувурларнинг яроқлилик муддатини узайтириш ҳамда эксплуатация харажатларини камайтириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Бу борада анъанавий пўлат қувурларга муқобил бўлган замонавий композит қувурлар истиқболли ечим сифатида эътиборни тортмоқда. Коррозияга чидамлилиги, узоқ муддат хизмат қилиши ва монтаж ишларининг тезкорлиги билан ажралиб турадиган ушбу технология газ тақсимлаш тармоқларини модернизация қилишда янги имкониятларни очяпти.

 

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан Австриянинг «Fibron Pipe GmbH» компанияси билан халқаро грант келишув асосида Шароф Рашидов туманининг Хайробод маҳалласида газ тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш доирасида композит қувурлардан фойдаланиш бўйича янги пилот лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди. Мазкур лойиҳа Марказий Осиёда амалдаги газ тақсимлаш тармоғида эгилувчан композит қувурдан фойдаланилган илк лойиҳа ҳисобланади.

Лойиҳа доирасида ушбу маҳалладаги эскирган пўлат газ қувурининг бир қисми демонтаж қилиниб, унинг ўрнига 100 метр узунликдаги юқори босимли композит қувур ётқизилди. Қувурнинг ишчи босими 6 барни ташкил этса, монтаж синовлари давомида у 10 бар босимда муваффақиятли синовдан ўтказилди. Бу эса янги технологиянинг амалдаги газ тармоғида қўлланиши ва белгиланган техник талабларга мувофиқ ишлаши бўйича муҳим тажриба бўлди.

— Истеъмолчилар ихтиёрига янги технология асосида газ етказиб бериш техник ва иқтисодий жиҳатдан самарали ёндашувдир, — дейди “Ҳудудгаз Жиззах” ГТФ директорининг биринчи ўринбосари, бош муҳандис Баҳодир Ҳолиқов. —  Уч қатламли композит қувурлар газ босимини барқарор сақлаш, тармоқни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш ва ёқилғини истеъмолчиларга хавфсиз етказиб бериш имконини беради. Уларнинг коррозияга чидамлилиги ва эгилувчанлиги монтаж ишларини соддалаштириб, қурилиш жараёнини қисқа муддатда якунлашга хизмат қилади. Қувурларнинг конструктив хусусиятлари улардан чўл, дашт ва шўрланиш даражаси юқори бўлган ҳудудларда ҳам самарали фойдаланиш имконини кенгайтиради. Бу эса газ тармоқларининг узоқ муддат ишончли ишлашини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, композит қувурлардан фойдаланиш умумий капитал харажатларни 25 фоизгача қисқартиради. Бу ўз навбатида, газ тармоқларини модернизация қилиш жараёнида ресурслардан оқилона фойдаланиш учун қўшимча имкониятдир.

Жорий йил бошида  “Ҳудудгазтаъминот” АЖ делегацияси Австрия давлатидаги «Fibron Pipe GmbH» заводида бўлиб, композит қувурлар тайёрлашнинг барча босқичлари, лаборатория синовлари ҳамда маҳсулотнинг ишончлилик кўрсаткичлари билан яқиндан танишган эди.

Вилоятимиздаги пилот лойиҳанинг муваффақиятли ишга туширилиши композит қувурларни келгусида республика газ тармоқларида кенг жорий этиш учун муҳим қадам бўлади. Айни пайтда ушбу технология асосида эскирган, юқори ва ўрта босимли пўлат газ қувурларини босқичма-босқич алмаштириш бўйича техник регламентлар ишлаб чиқилмоқда.

Жиззахдаги ушбу тажриба газ таъминоти тизимини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш йўлидаги амалий қадамдир.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *