ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ МАССИВЛАРИДА

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ташаббуси билан Дўстлик туманига пресс-тур ташкил қилинди. ОАВ ходимлари туманда  ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилган  лойиҳалар билан танишишни дастлаб “Саноатчилар” МФЙ ҳудудида ташкил этилган микромарказдан бошлашди.

  Давлатимиз раҳбарининг  кўрсатмаларига асосан туманда 10 гектар майдонда кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилган.  2022 йил 25 июлда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Саноатчилар маҳалласи ҳудудидаги собиқ чиқинди  полигони ўрнида 3 гектарлик   микромарказ ташкил этилди. Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик каби фаолият турлари билан шуғулланувчи фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иш юритиш шароитларини яхшилаш,  ишсизлик даражаси юқори бўлган ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширилишини жадаллаштириш ҳамда шунга асосан  доимий иш жойлари ташкил этилишини таъминлаш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида саноат ва хизмат кўрсатиш  микромаркази фаолиятини бошлади.

 Давлатимиз раҳбарининг 2023  йил 23 февралдаги “Касаначиликни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қабул қилган қарори бу борада яна бир муҳим аҳамият касб этди. Касаначиларга қулай солиқ режимини жорий этиш, фаолиятини йўлга қўйиш учун уларни молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз фаолиятига касаначиларни кенг жалб қилишни рағбатлантириш орқали аҳолининг бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш имконияти туғилди.

Микромарказдаги “Timlord trade cluster” МЧЖда тикув трикотаж маҳсулотлари, “Lola chinnilari” МЧЖда чинни буюмлари, “Do‘stlik innovatsion textil” МЧЖда ҳар хил турдаги сумкалар ва махсус кийимлар,  “Manas agro cluster” МЧЖда газли ва газланмаган ичимлик сувлари ишлаб чиқариш каби лойиҳалар амалга оширилди.

Шунингдек, синтифондан тайёр кўрпа, турли қоғоз, пенопластдан  қурилиш-безак,  зангламас металдан мебель ва рўзғор буюмлари,   родбонд ва клей ҳамда қурилишбоп маҳсулотлар тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилмоқда.

 —Тикувчилик мажмуасида ишлаб чиқарилаётган кийим-кечаклар юз фоиз Россия Федерациясига экспорт қилинмоқда,—дейди туман инвестициялар, саноат ва ташқи савдо бўлими бошлиғининг ўринбосари Олимжон Қаҳҳоров. Россиялик ҳамкорлар билан 5 млн. АҚШ долларилик шартнома имзоланган. Чинни буюмлари эса Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларига экспортга йўналтирилган.

Микромарказда 50 дан ортиқ тадбиркорлар 35 турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқаришаётир. Тайёр маҳсулот шу ернинг ўзида истеъмолчига етказилиб берилмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида марказнинг ёнида қурилиш моллари бозори ташкил этилган.

         Пресс-тур иштирокчилари “Саноатчилар” МФЙ ҳудудида барпо этилаётган сув тозалаш иншоотида  бўлишди. Умумий қиймати 20 млрд. сўмни ташкил этувчи иншоот туман учун муҳим аҳамият касб этадиган лойиҳалардан саналади. Дўстлик шаҳридаги корхона, ташкилотлар, аҳоли хонадонларидаги  оқова сув илгари очиқ майдонга чиқариларди. Деярли тизим йўқ эди. Янги барпо этилаётган иншоотда лойиҳага кўра,  оқова сувлар тўпланиб, олти босқичда фильтрланиб, техник сувга айлантирилади. Энг аҳамиятлиси, қайта ишланган сувдан қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш имконияти туғилади. 1800 метр куб сувни қабул қилиш қувватига эга иншоот март ойида тўлиқ фойдаланишга топширилади.

Журналистлар, пресс-тур давомида туман сув таъминоти идораси, “Саноатчилар” МФЙнинг янги биноси, “Чинобод” МФЙдаги “Янги Ўзбекистон” массивида олиб борилаётган бунёдкорликларга гувоҳ бўлишди.

 

Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *