Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида спортнинг камондан отиш тури бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида мамлакат кубоги мусобақаси бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 300 нафардан зиёд маҳоратли мерганлар ғолиблик учун курашга киришдилар.
Беллашувлар давомида иштирокчилар аниқлик, маҳорат ва тажриба бобида ўз имкониятларини синовдан ўтказишди.
Якуний натижаларга кўра, ёшлар ўртасидаги баҳсларда жиззахлик камончилар жами 8 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритишди. Мураббий Салоҳиддин Сиддиқов бошчилигидаги жамоанинг бу муваффақиятида Шоҳруз Ғаффоров, Юлдуз Исматова, Жўрабек Қодиров, Лазиз Эргашев ва Тоҳирбек Мамашовларнинг муносиб ҳиссаси бор.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорларига медаль ва дипломлар топширилди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.