САЛОМАТЛИККА ЭЛТУВЧИ ЛОЙИҲА

Янгиобод туманининг “Янгиобод” ШФЙ ҳудудида шанба куни эрта тонгдан аҳолининг турли қатлам вакиллари “5000 қадам” соғломлаштириш марафонида иштирок этиш учун тўпланишди. Туман ички ишлар ва спорт бўлимлари, маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирдан кўзланган мақсад аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни кундалик ҳаётда жисмоний фаолликка ундашдан иборат бўлди.

Ташаббус қисқа фурсат ичида умумий кайфиятни кўтарувчи, одамларни ўзаро яқинлаштирувчи ва соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишни кучайтирувчи ижтимоий майдонга айланди.

—Мунтазам пиёда юриш юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилаб, организмдаги қон айланишини фаоллаштиради ва стрессни камайтиради, — дейди туман маънавият ва маърифат маркази бошлиғи Беҳзод Ибрагимов. — Шу маънода, “5000 қадам” каби ташаббуслар профилактик тиббиётнинг энг содда ва самарали усулларидан бири сифатида юқори аҳамият касб этмоқда. Бунинг учун катта имконият ёки махсус шароит талаб этилмайди. Кундалик ҳаётда пиёда юришни одатга айлантириш орқали инсон ўз саломатлигига эътиборни кучайтириши мумкин.

Қайд этиш керак, бундай ташаббуслар нафақат соғлиқни мустаҳкамлашга, балки маҳаллада ижтимоий муҳитни янада жонлантиришга ҳам хизмат қилмоқда. 

С.ЮСУПОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *