Президентнинг 2025 йил 16 сентябрдаги «Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади — ёшларни мактаб давриданоқ ахборот технологиялари ва хорижий тилларга қизиқтириш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳамда замонавий касбларга йўналтиришдан иборат.

Лойиҳа доирасида республика бўйлаб 18 мингдан зиёд ўқувчи-ёш саралаш имтиҳонларида иштирок этди.
Жиззах вилоятидаги саралаш имтиҳонлари Зомин туманидаги 60-умумтаълим мактаби ҳамда Мирзачўл туманидаги 1-умумтаълим мактабида ташкил этилди. Унда ахборот технологиялари соҳасига қизиқиши бўлган мингдан зиёд ўқувчи ўз билим ва салоҳиятини намоён қилди.
Синов жараёнида иштирокчиларнинг мантиқий фикрлаш қобилияти, ахборот технологиялари ҳамда инглиз тили бўйича билимлари баҳоланди.
Имтиҳон натижалари беш кун давомида эълон қилинади. Саралашда энг юқори натижа қайд этган ўқувчилар «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳаси иштирокчиси сифатида замонавий IT йўналишлари ва хорижий тилларни чуқур ўрганиш имкониятига эга бўлади.
Шаҳноза МАНСУРОВА.