Шароф Рашидов туманидаги Агро марказда ёш асаларичиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида ўқув-семинар ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Зафар Рўзиев, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассиси Фурқат Қодиров, Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи Муродбек Раҳмонбердиев ҳамда Тошкент давлат аграр университетининг профессор-ўқитувчилари иштирок этишди. Семинар давомида ёшларга тадбиркор Фазлиддинхўжа Аҳмедовнинг асаларичилик соҳасидаги тажрибалари, илғор усуллари ва амалий фаолияти билан боғлиқ тажрибалари намойиш этилди.

— Мен болалигимдан отамнинг ёнида юриб, асалари оилалари билан ишлашини кузатиб, бу касбга меҳр қўйганман, — дейди 16 ёшли тадбиркор Фазлиддинхўжа Аҳмедов. — Асаларичилик нафақат ҳалол меҳнат, балки сабр-тоқат, меҳр ва доимий ғамхўрликни талаб қиладиган касб. Ҳозирда мевали крем асаллар билан шуғулланиб келмоқдаман, фермер хўжалигимизда 15 хилдан зиёд мева турлари бор. Яқин келажакда фаолиятимни кенгайтириб, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш ва ёшларни ушбу соҳага кўпроқ жалб қилиш ниятим бор.
Фазлиддинхўжанинг асаларичилик билан қизиқиши нафақат ўзи, балки тенгдошлари учун ҳам янги имкониятлар эшигини очмоқда. Унинг жорий йил 30 июнь, ёшлар кунида Президентимиз билан мулоқотда билдирган таклифи асосида Зоминда асаларичилик мактабини ташкил этиш бўйича ишлар олиб бориляпти. У тенгдошларига ўз тажрибаси, касбий маҳорати ва асаларичилик орқали даромад олиш имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.
—Зомин туманида асаларичилик мактабини ташкил этиш бўйича амалий ишларни олиб бордик, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассиси Фурқат Қодиров. — Айни пайтда Вазирлар Маҳкамасида бу борадаги қарор лойиҳаси тайёрланмоқда. Режага кўра, келгуси йилда Жиззах вилоятида республика даражасидаги асаларичилик мактабини ташкил этамиз. Унда, аввало, асаларичиликка қизиқувчи ёшлар ва соҳа мутахассисларини жалб этиб, уларнинг назарий билим ва амалий кўникмаларини оширишга эътибор қаратилади.
Тадбирда шунингдек, Тошкент давлат аграр университетининг профессор-ўқитувчилари томонидан асалари оилаларини парваришлаш, кўпайтириш, асал олиш самарадорлигини ошириш, маҳсулот сифатини таъминлаш каби йўналишлар бўйича йиғилганларга зарур кўникмалар берилди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.