КАТТА НАТИЖАНИНГ УЗУН ЙЎЛИ

Сўнгги йилларда вилоятимизда битирувчилари олий таълим муассасаларига 100 фоизлик натижа билан қабул қилинаётган таълим масканлари кўпаймоқда. Ўқувчиларининг фан олимпиадаларида республика ва халқаро миқёсда муносиб натижаларга эришаётгани ҳам қувонарли. Шундай кўрсаткичга эга бўлган Шароф Рашидов туман ихтисослаштирилган мактаб директори Наргиза Қаршибоева билан суҳбатимиз ушбу натижа ҳақида бўлди.

— Наргиза Абдулхатовна, иқтидорли ўқувчилар саралаб олинган мактабда ишлаш ўқитувчи учун осон бўлса керак…

—Мактабимизга иқтидорли ўқувчиларнинг саралаб олинишининг ўзи зиммамизга улкан масъулиятни юклайди. Баъзида мактаблардан билимга чанқоқ болалар сараланиб олингач уларни ўқитиш осон, каби муносабатлар учраб туради. Бу нотўғри тушунча. Иқтидорларни сайқаллаш, уларни аниқ мақсад йўлида камолга етказиш, шу билан бирга илмга бўлган иштиёқини янада ошириш, буларнинг барчасининг ортида аниқ ва ишончли тизим бўлиши жуда муҳим. Тизим қанчалик тўғри олиб борилгани эса ўқувчиларнинг натижаларида намоён бўлади. Мактабимиз битирувчиларининг барчаси ҳозиргача олий таълимга 100 фоиз қамраб олинган. Йилдан-йилга уларнинг тўплаган баллари ошиб бормоқда. Ўтган йили икки нафар ўқувчимиз 189 балл тўплаб нуфузли ОТМга кирган, 9 нафари давлат гранти асосида талаба бўлган бўлса, якунланган ўқув йилидаги натижалар янада юқори. 40 нафар битирувчи республикамизнинг энг нуфузли олий ўқув юртларининг талабалари бўлишди. Уларнинг 26 нафари давлат гранти асосида, шундан 12 нафари эса муддатидан олдин 189 баллни қўлга киритди. Бундан ташқари Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика олимпиадасида мазкур мактаб ўқувчиси Асилбек Аҳматов вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, совриндорлар сафидан жой олди.

 Ўқувчиларимнинг билим даражаларини белгиловчи кўрсаткичлар мен учун жуда муҳим. Чунки уларнинг келгусидаги марраларига айнан шу рақамлар ишонч беради. Айни вақтда мактабда 438 нафар 5-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилар таҳсил олаяпти. Уларнинг 400 нафари аллақачон турли фан сертификатларига эга. Шундан 86 нафарида чет тилини билиш даражасидаги сертификатлар бор. Айниқса, яқинда 5-синфда таҳсил олаётган ўқувчим IELTS дан 7 балл натижани қўлга киритгани қувончли воқеа бўлди.

— Бундай натижанинг асосий омили нимада, деб ўйлайсиз?

— Энг аввало, устозларда. Мактабимизда ўқитувчилар Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан уч босқичли синов ва танлов асосида ишга қабул қилинади. Ҳозирда масканимизда 42 нафар олий ва биринчи тоифали, тажрибали педагоглар меҳнат қилмоқда. Улардан доимо ўз устида ишлаш, малакасини ошириш, сертификат олиш ва энг муҳими, натижа кўрсатиш талаб этилади. Ҳар бир синфда 24 нафардан ўқувчи таҳсил олади. Аниқ ва табиий фанлар дарслари гуруҳларга бўлиниб ўтилади. Бу ўқитувчининг ҳар бир бола билан алоҳида шуғулланиши учун имкон яратади. Ота-оналар мажлисида ҳам урғу фақат ўқувчининг ўқиш кўрсаткичларига қаратилади. Директор маслаҳатчисининг вазифаси ҳам ўқувчиларни тўғри йўналтиришдан иборат. Маслаҳатчи ҳар бир ўқувчининг қобилияти, қизиқиши ва келажакда қайси олий таълим муассасаси ёки йўналишга мос келишини белгилаб, шу асосда индивидуал режа билан ишлайди. Бундан ташқари, ўқувчиларимизни дарсдан кейин қўшимча курсларга тўлиқ жалб этганмиз. Бу жараёнда болани имтиҳонга тайёрлаш билан бирга унинг келажакдаги йўли ҳозирдан белгиланади. Шу ўринда айтишим жоизки, ўқувчининг келажак ҳақидаги тасаввурини кенгайтиришда мактабнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги ҳам муҳим ўрин тутади. Ўтган йили Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва мактаб ўртасида меморандум имзоланди. Унга кўра, университет академиклари бир йил давомида мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларига Zoom орқали дарслар ўтказиб беришди.

— Ўқувчиларни дарсдан зериктириб қўймаслик ҳам муҳим. Бу масалада нималарга эътибор қаратиляпти?

— Албатта. бола фақат китоб олдида ўтириб қолмаслиги керак. Шунинг учун таълим жараёнини турли лойиҳалар, спорт мусобақалари ва қизиқарли ташаббуслар билан бойитяпмиз. Синфлар ўртасида спорт турлари бўйича “Мактаб кубоги”, “Мактаб раҳбари кубоги” каби мусобақаларни йўлга қўйяпмиз. Ихтисослаштирилган мактаблар ўртасида ҳам футбол ва шахмат мусобақалари ўтказилади. Ҳатто мактаб ҳовлисида катта шахмат доналари ўрнатилган. Болалар дарсдан бўш вақтларида очиқ ҳавода шахмат ўйнашлари мумкин.

— Мактаб йўлаклари гулларга тўла. Ҳовлида ҳам яшил ҳудудга алоҳида эътибор қаратилган. Бундан ташқари иссиқхона ҳам ташкил этилган экан.

— Ўқувчиларимиз Инъом ва Кумуш лойиҳа тайёрлаб “Zamin” халқаро жамоат фонди танловида ғолиб бўлишди. Лойиҳа доирасида яқинда мазкур иссиқхона барпо этилди. Иссиқхонани табиий фанлар дарслари билан боғлашни режалаштиряпмиз. Болалар ўзлари ўсимлик етиштириб, унинг жараёнини амалда кузатишади. Дарсларда тажриба ва амалий машғулотлар ўқувчининг фанга муносабатини ҳам ўзгартиради. Мактабда физика, кимё ва биология фанлари учун алоҳида лаборатория хоналари мавжуд.

— Бугунгача эришилган ютуқлар сизни қониқтирадими?

—Йўқ, албатта. Ниятимиз — натижаларимизни янада ошириш.
Ҳозир республикамиздаги жами 183 та ихтисослаштирилган мактаблар рейтингида 80-ўриндамиз. Рейтинг 17 та индикатор асосида белгиланади. Олимпиадалардаги натижалар, ўқитувчиларнинг салоҳияти ва тоифаси, халқаро мусобақалардаги ютуқлар ва бошқа кўрсаткичлар инобатга олинади.
Бу йил ҳар бир индикатор бўйича ишлашни мақсад қилганмиз. Олимпиадага тайёргарликни ҳам эрта бошладик. Мактабда натижа дегани шунчаки рақам эмас. Унинг ортида ўқувчининг келажаги турибди. Жорий ўқув йилида ўзимиз учун “Юксак мақсад – чуқур билим – қатъий интизом – буюк натижа” шиори билан олдимизга улкан вазифани қўйганмиз. Бу йўлда мактаб жамоаси билан бир оила бўлиб, 438 нафар фарзандимизнинг ёрқин келажаги йўлида ҳаракат қиламиз.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *