МУВАФФАҚИЯТ ИЗЛАНИШГА ЧОРЛАДИ

Президент топшириғи самараси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йилда Жиззах вилоятига ташрифи якунлари бўйича берилган топшириқлар баёнининг 70-бандида Жиззах политехника институти олимлари ва талабалари билан биргаликда кремний асосидаги қуёш панелларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш чораларини кўриш топширилган эди.

Мазкур топшириқ ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида институтга Хитой Халқ Республикасидан махсус ускуналар олиб келиниб, белгиланган бинога ўрнатилди ва инфратузилма билан таъминланди ҳамда “Жиззах политехника институтининг муқобил энергияларни тадқиқ этиш илмий-амалий маркази” ташкил қилинди.

Лойиҳани бажаришда технопарк биносининг ёнида куёш панеллари йиғиш линиясини ўрнатиш учун алоҳида сэндвич панелли енгил конструкцияли бинони қуриш ҳамда ўрнатилган қурилмаларни техник жиҳатдан таъминлашда турли зарур бўладиган жиҳозлар ва ёрдамчи қурилмаларни сотиб олиш учун қўшимча 4,2 млрд. сўмлик смета харажатлари белгиланиб, меъёрий ҳужжатлари тасдиқланди ва қисқа вақт мобайнида бино қуриб битказилди.

Кўрсатмага асосан Божхона қўмитаси томонидан ажратилган 5,0 млрд. сўм маблағ “Қуёш панелларини йиғувчи яримавтоматик линия” ускуналари сотиб олиш (3,6 млрд. сўм), зарур хом-ашёлар, фотоэлемент, махсус пленка ва пластик ойналарни харид қилиш (1,1 млрд. сўм), ускуна ва хом-ашёларни олиб келиш йул харажатлари ва ўрнатиш,  ишга тушириш ҳамда ходимларни ўқитиш харажатлари учун (0,3 млрд. сўм) йўналтирилган.

Ҳозирги пайтда институтнинг муқобил энергияларни тадқиқ этиш илмий-амалий марказида тажриба тариқасида дастлабки маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, тегишли тартибда тест жараёнларидан ўтказилди ва ижобий натижалар олинди.

Марказ  бир сменада жами 50 кВт қувватли 100 дона, бир ойда 1000 кВтлик 2000 дона қуёш панеллари ишлаб чиқариш қувватига эга.

Ҳар қандай олим ёки тадбиркор янгилик яратса, минтақада янги маҳсулот ишлаб чиқариб бошласа, унинг таннарихини пасайтириш мақсадида кўпроқ маҳаллий хомашёдан фойдаланишга ҳаракат қилади. Бир сўз билан айтганда маҳсулотни маҳаллийлаштириш устида ишлай бошлайди. Институт профессор ва ўқитувчилари қуёш панеллари ишлаб чиқаришда хомашёларни маҳаллийлаштириш бўйича  ҳам изланишлар олиб боришмоқда.

Бундан ташқари профессор-ўқитувчилар ва талабалар таркибидан қуёш панелларини истеъмолчиларга ўрнатиб бериш мақсадида гуруҳлар ташқил қилинган, натижада қўшимча 25 та иш ўрни яратилди.

Ҳозирда маркази ходимлари томонидан умумий қуввати 650 кВт бўлган 1200 дона қуёш панеллари ишлаб чиқарилди, 50 га яқин жисмоний ва юридик истеъмолчилар билан сотиш ҳамда ўрнатиб бериш бўйича шартномалар тузилиб, жами  2 млрд. сўм миқдоридаги маблағлар институт ҳисоб рақамига туширилди. Янги инновацион маҳсулот сифатида иссиқхоналар учун қуёш панеллари деб номланган, бинолар ва кўп қаватли уйларни қуёш нури ёрдамида иситадиган ва электр билан таъминлайдиган гибрид қурилма ишланмалари лойиҳаси яратилиб, гувоҳнома олиш учун интелектуал мулк агентлигига топширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда мамлакатимиздаги 7 та олий ўқув юрти ва 3 та Европа Иттифоқи университетлари ҳамкорлигида ERASMUS+ Олий таълим салоҳиятини ошириш лойиҳалари доирасида 101128871 — DEBSEUz — ERASMUS-EDU-2023-CBHE рақамли “Ўзбекистонда қуёш энергияси бўйича бакалаврлар учун мақсадли таълим дастурини (DEBSEUz) ишлаб чиқиш” халқаро лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 650 000 долларни ташкил қилади. Иштирокчиларга маблағ тенг миқдорда тақсимланган бўлиб, ҳар бир иштирокчи учун 65 000 доллардан белгиланган. Лойиҳанинг давомийлиги 2024-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг асосий мақсади Ўзбекистонда қуёш энергияси бўйича бакалаврлар учун мақсадли таълим дастурини ишлаб чиқишдан иборатдир.

Жорий йилда лойиҳани бажариш учун Жиззах политехника институтига 22 000 доллар маблағ ажратилди.

“Жиззах политехника институтининг муқобил энергияларни тадқиқ этиш илмий-амалий маркази” юқоридаги каби лойиҳаларни бажариш учун қулай муҳит ва етарли база бўлиб хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг ҳомийлиги ва қўллаб-қувватлаши натижасида яратилган қуёш панелларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ўзини оқлади дейиш мумкин. Бу илмий-амалий маскан эндиликда янги инновация ғояларини синаш ва ҳаётга изчил татбиқ этиш маркази сифатида профессор ва ўқитувчилар, талабалар ва илмий изланувчилар учун самарали хизмат қилмоқда.

Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, институт ҳудудига 650 кВт қуёш панеллари ўрнатилган. 2025 йилнинг 1 августгача қилинган ҳисоб-китобларга кўра, қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергия қуввати институтнинг энергия эҳтиёжини тўлиқ қопламоқда.

Асад МУСТАФОЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *