БОЛАМНИНГ СУМКАСИ ЎЗИДАН ОҒИР…

​Ҳар куни эрталаб кўчага чиққанимда бир хил манзарага гувоҳ бўламан: мижжа қоқмай уйғонган, кўзларидан ҳали уйқу кетмаган кичик мактаб ўқувчиси елкасига ўзидан ҳам каттароқ тугундай келадиган сумкани ортиб, секин қадам ташлаб мактаб сари одимламоқда. Бир куни қўшнимнинг 3-синфда ўқийдиган ўғлига ёрдамлашмоқчи бўлиб, унинг сумкасини қўлимга олдим-у, ҳайратдан қотиб қолдим. Сумка шу қадар оғир эдики, ҳатто катта ёшли одам ҳам уни узоқ йўлга кўтариб боришга қийналади. “Болам, ичида нима бор?” деган саволимга у бегуноҳлик билан: “Бугун олтита дарс бор, яна тўгарак китоблари…” деб жавоб берди. Бу оддий ҳолат эмас, тўғри, сумкада китоб-дафтардан ташқари термос ёки баклажкада қайнатилган чой, нон, ширинлик ёки спорт формалари ҳам бор. Барчаси ўқувчи учун зарур буюмлар эканини ҳисобга оладиган бўлсак, булардан воз кечиш мушкул. 

–Ўғлим 4-синф. Ўзининг вазни 25 кг. Сумкасининг оғирлигидан елкам оғриб кетади то мактабига боргунимча,– дейди оналардан бири. –Қизим 7-синф. Сумкаси зил-замбил. Кеча ўлчаб кўрсак 8 кг чиқди. 6 та китоб, дафтарлари, ўзига керакли қўшимча нарсалари билан шунча оғирликда бўларкан. Китоблари ҳажми катта, жуда ноқулай.

​Тиббиёт мутахассисларининг таъкидлашича, ўқувчи кўтарадиган портфель вазни унинг вазнидан 10-15 фоиздан ошмаслиги керак. Аммо амалиётда 25-30 килограммли бола 6-7 килограммли юкни орқалаб юришга мажбур бўлмоқда. Бунинг оқибатида ривожланаётган ёш организмда қатор муаммолар юзага келади. Хўш, 7-8 ёшли болаларнинг оғир сумка кўтаришлари саломатлигига таъсир қилмайдими? Умуман, ўқувчилар кўтарадиган сумкаларнинг вазни неча килограмм бўлиши керак? Бу ҳақда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг травмотолог-ортопеди Фарҳод  ДУШАНОВ шундай деди:

– Болаларнинг биринчи синфдан учинчи синфгача бўлган даври муҳим саналади. Агар боланинг вазни 20-22 килограмм бўлса, у кўтарадиган сумканинг оғирлиги 2 килограммдан ошмаслиги керак. Бу бўйича дунё олимлари томонидан кўп марта тадқиқотлар ўтказилган. Хулосаларга кўра, 1 синфдан 3 синфгача сумканинг вазни бир ярим килограммдан ошмагани маъқул. 3-синфдан 5-синфгача 3 килограммдан ва 6-синфдан 9-10 синфгача 4-5 килограммдан ошмаслиги керак, деган тавсияларни беришган.  Шу боис ота-оналар ойига бир маротаба боласининг сумкасини ўлчаб кўришлари керак. Бола бир кунда қанча юк кўтаряпти? Шунга қараб назорат қилиш зарур. Албатта оғир сумка кўтариш бола саломатлигига жиддий зарар келтиради. Боланинг бел думғаза қисмида бурчак бор. 4 килограммдан ошган сумкани 25 килограмм тана вазнига эга бола тутиб юриши натижасида ўша бурчак кенгайиб, кейинчалик бел думғаза соҳасида умуртқалар орасидаги ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Сумкани бир тарафда узоқ вақт тутиб юриш ҳам умуртқа поғонаси ва кўкрак қафаси соҳасида, суяк ёки тоғай тўқималарида ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин. Бола катта ёшга қадам қўйган пайтда остеохондроз ёки сколятив ўзгаришлар содир бўлиши мумкин. Юқори синф ўқувчилари бир томонлама, яъни елкасига сумка осиб юришлари келажакда ортопедик касалликларга дуч келади. Шу боис уларга ҳам икки томонлама ранис типидаги сумкаларни тақишни тавсия қиламиз. 

Дарҳақиқат, келажагимиз эгалари бўлган болаларнинг соғлиғини асраш ва бу муаммони бартараф этиш учун олимлар томонидан амалий таклифлар ҳам илгари сурилмоқда. Жумладан, электрон дарсликлар ва планшетлардан фойдаланиш яъни мактабларда анъанавий оғир китоблар ўрнига рақамли планшет тизимини босқичма-босқич жорий этиш лозим.

​Мактабларда шахсий жавонлар ажратиш: ўқувчилар ҳар куни уйга ташиши шарт бўлмаган тасвирий санъат, меҳнат ёки иккинчи куни ишлатиладиган китоб-дафтарларни мактабда қолдиришлари учун шароит яратиш.

​Дарс жадвалини оптималлаштириш: бир кунда 6 хил фан ўрнига, фанларни жуфтлик (пара) усулида ўтиш орқали кундалик ташиладиган китоблар сонини камайтириш.

​Парта ва ортопедик сумка стандартларини назорат қилиш: вазирлик ва мактаб маъмурияти томонидан ота-оналарга енгил ва ортопедик сумкалар танлаш бўйича тавсиялар бериб бориш.

​Эҳтимол, бу мавзу кичик ва аҳамиятли эмасдек туюлиши мумкин, аммо  болаларимизнинг елкасидаги оғирлик фақатгина китоблар вазни бўлиб қолмай, уларнинг келажак соғлиғига тушаётган юкдир. Елкасидаги юкни енгиллаштириб, уларга мактабга хурсандчилик ва енгиллик билан боришлари учун шароит яратиб бериш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Юқорида келтирилган таклифлар вазирлик ва юқори ташкилот мутасаддилари томонидан жиддий ўрганиб чиқилса ва амалиётга жорий этилса яна бир муаммонинг ечими топилган бўларди…..

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *