Ер — давлат мулки, уни асраб-авайлаш ва ҳар бир қаричидан оқилона фойдаланиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, ер ресурслари халқимизнинг бебаҳо бойлиги, мамлакатимиз тараққиёти ва келажак авлодлар фаровонлигининг муҳим омилидир. Aфсуски, ер қонунчилигига риоя этиш, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганига қарамай, айрим фуқаролар томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва уларда тегишли рухсатларсиз ноқонуний қурилмалар барпо этиш ҳолатлари учраб турибди. Бундай қонунбузилишлар ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш тартибига путур етказиб, белгиланган қонун талабларига риоя этиш зарурлигини яна бир бор кўрсатади.
Ўтказилган ер назорати тадбирлари натижасида (1 октябр ҳолатига) Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан жами 358,7 гектар майдонда 2612 та ноқонуний ҳолат, шундан ўзбошимчалик билан 1176 та ҳолатда (202,9 гектар) уй-жой, шундан 691 та ҳолатда 182,9 гектар томорқа сифатида, 740 та ҳолатда (12,9 гектар) нотурар-жой бинолар қуриб олиш, 1 та ҳолатда (0,016 гектар) кўп йиллик дарахтзорлар барпо этилиш, 695 та ҳолатда (142,7 гектар) ер майдонларидан бошқа турли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Ноқонуний эгаллаб олинган ер участкалари ер фонди тоифалари бўйича таҳлил қилинганда 547 та ҳолатда 293,8 гектар қишлоқ хўжалиги, 1807 та ҳолатда 39,6 гектар аҳоли пункти ерлари, 137 та ҳолатда 14,9 гектар саноат, транспорт, алоқа, 40 та ҳолатда 075 гектар сув фонди ва 81 та ҳолатда 9,4 гектар ер майдони захира ер фонди тоифасига тўғри келиши аниқланган. Aниқланган 2612 та ҳолатларнинг барчаси бўйича юридик ва жисмоний шахсларга ноқонуний эгаллаб олинган ерларни қайтариш ва қурилмаларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилиб, 182,4 гектар майдонда 1862 та ҳолат ихтиёрий бартараф этилиши таъминланди. Берилган ёзма кўрсатмалар натижасида ихтиёрий бартараф этилмаган ҳолатларни инобатга олиб туман (шаҳар) бўлимлари томонидан қўшма тартиб асосида 76 та ҳолат прокуратура органларига, 472 та ҳолат эса Фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалар киритилди, бундан ташқари 943 та ҳолатда ерлардан мақсадсиз фойдаланиш бўйича туман ҳокимликларига тақдимномалар киритилди. Бундан ташқари, ер қонунбузилиш содир этган ҳуқуқбузарларнинг 1471 нафарига 32 млрд 656 млн 639 минг сўмлик жарима жазоси тайинланиб, агентлик томонидан 2 млрд 484 млн сўмлик жарималар ундирилиши таъминланган бўлса, 15 кунлик муддатда ихтиёрий тўланган жарималар учун 1 млрд 455 млн сўмлик имтиёз қўлланилган. 309 та та ҳолатда 14 млрд 469 млн сўмлик қўлланилган жарималар мажбурий тартибда ундирилиши учун МИБ органларига юборилган. Қолган 485 та ҳолатда 14 млрд 279 млн сўмлик қўлланилган жарималарни ундириш чоралари кўрилмоқда.
Ноқонуний ҳолатлар туманлар кесимида:
Aрнасой туманида 156 та ҳолатда 4,05 гектар
Бахмал туманида 209 та ҳолатда 25,1 гектар
Ғаллаорол туманида 293 та ҳолатда 20,1 гектар
Ш.Рашидов туманида 255 та ҳолатда 90,3гектар
Дўстлик туманида 108 та ҳолатда 7,2 гектар
Зомин туманида 212 та ҳолатда 13,7 гектар
Зарбдор туманида 265 та ҳолатда 55,8 гектар
Зафаробод туманида 142 та ҳолатда 1,8 гектар
Мирзачўл туманида 180 та ҳолатда 17,7 гектар
Пахтакор туманида 268 та ҳолатда 34,6 гектар
Фориш туманида 189 та ҳолатда 80,3 гектар
Янгиобод туманида 121 та ҳолатда 4,29 гектар
Жиззах шаҳрида 214 та ҳолатда 3,2 гектарни ташкил этади.
Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармасининг 2026-йил учун ноқонуний қурилмалар ва ўзбошимча эгалланган ерларни аниқлаш бўйича режа-график ишлаб чиқилган бўлиб, агентликнинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 2 600 та ҳолатда ноқонуний қурилмалар ва ўзбошимча эгаллаган ерлар ҳамда 850 та кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш ва чора кўриш вазифаси белгиланган. Кадастр органлари ходимлари томонидан келгусида ҳам прокуратура, суд органлари, солиқ идоралари, Мажбурий ижро бюроси ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда ер қонунчилигига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш юзасидан тизимли амалий ишлар давом эттирилади. Зеро, ер ресурсларини асраб-авайлаш, улардан оқилона ва қонуний фойдаланишни таъминлаш нафақат бугунги кун, балки келажак авлодлар олдидаги ҳам муҳим масъулиятдир.
Н. СИДИКОВ.