Бугунги кунда тўқимачилик саноати Ўзбекистон иқтисодиётининг стратегик аҳамиятга эга, жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланмоқда. Айниқса, маҳаллий хомашёдан рақобатбардош, юқори сифатли ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга бўлган талаб соҳада илмий изланишларни янада кенгайтиришни тақозо этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда янги тўқимачилик хомашёси сифатида ўзлаштирилаётган базальт толасидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Базальт ипларидан юқори эксплуатацион хусусиятларга эга тўқимачилик матоларини ишлаб чиқариш, уларнинг янги турларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Бу борада Жиззах политехника институтининг “Тўқимачилик маҳсулотлари технологияси” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан Фориш туманида фаолият юритаётган “Basalt Uzbekistan” компаниялар гуруҳи (саноат кластери) билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Ҳамкорлик доирасида корхонанинг тўқув цехида ишлаб чиқарилган турли чизиқли зичликдаги базальт иплари ва матоларидан намуналар олиниб, уларнинг физик-механик ҳамда эксплуатацион хусусиятларини аниқлашга қаратилган синов-тадқиқот ишлари ўтказилди. Тажрибалар жараёнида олинган натижалар базальт толасининг тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги имкониятларини илмий жиҳатдан ўрганиш ва баҳолаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги бундай ҳамкорликнинг аҳамияти шундаки, илмий тадқиқот натижалари амалиёт билан уйғунлаштирилиб, маҳаллий хомашёдан янги авлод тўқимачилик маҳсулотларини яратиш имконини беради. Бу эса нафақат янги турдаги матолар ишлаб чиқариш, балки уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Айни пайтда олиб борилаётган тадқиқотлар келгусида маҳаллий базальт толасидан кўп функцияли тўқималар ишлаб чиқаришнинг илмий ва технологик асосларини шакллантиришга қаратилган. Илмий изланишларнинг ишлаб чиқариш билан узвий боғланиши эса маҳаллий хомашёдан юқори қўшилган қийматга эга, замонавий ва рақобатбардош маҳсулотлар яратишга хизмат қилади.
М.ДОНИЁРОВА,
Д.ШАМИЕВ,
Жиззах политехника институти
“Тўқимачилик маҳсулотлари технологияси” кафедраси
профессор-ўқитувчилари.