ҚАНДЛИ ДИАБЕТ–БЕФАРҚЛИКНИ КЕЧИРМАЙДИ!

Ҳозирги кунда дунё бўйича ярим миллиарддан зиёд киши қандли диабетдан азият чекмоқда. Улардан жуда катта қисми хасталикнинг 2-турига чалинган. ЖССТ маълумотларига кўра, 2050 йилга бориб бу кўрсаткич қарийб 1,5 миллиард нафарга етиши мумкин. Хўш, қандли диабет нима, унинг асоратлари қандай ва даво чоралари борми? Республика эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали эндокринолог шифокори Азамат Ғаниев шу ҳақда гапириб берди:

–Қандли диабет –организмда инсулин гормони етарли миқдорда ишлаб чиқарилмаслиги ёки унинг таъсири самарали бўлмаслиги натижасида қонда глюкоза миқдори ортиб кетиши билан кечадиган сурункали касалликдир. Инсулин қондаги глюкозанинг ҳужайраларга кириши ва энергия манбаи сифатида ишлатилишида муҳим вазифани бажаради. Касалликнинг энг кўп учрайдиган турларидан бири 2-тур қандли диабет. У кўпинча ортиқча вазн, камҳаракатлик, нотўғри овқатланиш, ирсий мойиллик ва ёш ўтиши билан боғлиқ хавф омиллари таъсирида ривожланиши мумкин. Аммо бу касаллик фақат кекса ёшдагиларга хос, деб ўйлаш нотўғри. Бугунги кунда ёшлар орасида ҳам унинг учраши кўпаймоқда.

Шу мақсадда ҳар йили ноябрь ойида ўтказиладиган Халқаро диабетга қарши кураш куни муносабати билан аҳоли ўртасида кенг қамровли тарғибот-тушунтириш тадбирлари ташкил этилмоқда. Ойлик давомида тиббий кўриклар, очиқ мулоқотлар, мутахассислар иштирокида суҳбатлар ўтказилиб, аҳоли вакилларига касалликнинг дастлабки белгилари, унинг асоратлари ва профилактика чоралари ҳақида маълумотлар берилмоқда. Шунингдек, сайёр лабораториялар фаолияти йўлга қўйилиб, ортиқча вазн ва қондаги қанд миқдори аниқланмоқда. Энг ташвишли жиҳати шундаки, диабет дастлабки босқичларда баъзан сезиларли белгиларсиз кечади. Инсон ўзини соғлом ҳис қилиши, кундалик юмушларини бажариши мумкин. Бироқ организмдаги ўзгаришлар секин-аста давом этаверади. Шу боис мунтазам тиббий текширувдан ўтиш касалликни эрта аниқлашнинг энг муҳим шартларидан биридир.

Қандли диабетнинг дастлабки белгиларига тез-тез чанқаш, оғиз қуриши, кўп сийиш, айниқса кечаси ҳожатга чиқишнинг кўпайиши, доимий чарчоқ, иштаҳанинг ўзгариши, сабабсиз озиб кетиш, кўриш қобилиятининг хиралашиши киради. Айрим ҳолларда яраларнинг секин битиши, тери қичишиши ва тез-тез инфекциялар билан касалланиш ҳам кузатилиши мумкин. Албатта, бу белгиларнинг ҳар бири бошқа касалликларда ҳам учраши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун ўзбошимчалик билан ташхис қўйиш ёки даволаниш эмас, балки шифокорга мурожаат қилиш зарур. Қондаги глюкоза миқдорини аниқлаш учун лаборатория текширувлари ўтказилади. Қандли диабетга ўз вақтида эътибор қаратилмаса, у инсон организмининг турли аъзоларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Хусусан, юрак-қон томир тизими, буйраклар, кўз тўр пардаси ва асаб тизими зарарланиши эҳтимоли ортади.

Энг муҳими, касалликни назорат қилиш, шифокор тавсияларига амал қилиш ва белгиланган даволаш режасини узлуксиз бажаришдир. Бугунги тиббиёт имкониятлари туфайли қандли диабет билан яшаётган кўплаб инсонлар фаол, мазмунли ва тўлақонли ҳаёт кечирмоқда. Касаллик қанчалик эрта аниқланса, уни назорат қилиш имконияти ҳам шунчалик юқори бўлади. Унутмайлик, касалликни кутиб ўтириш эмас, унинг олдини олиш –саломатлик сари ташланган энг тўғри қадамдир!

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *