Бу йил пахта далалари ўзгача кўринишда. Кўз ўнгингизда қўл меҳнатига таянган анъанавий терим эмас, замонавий пахта териш машиналарининг зумда бир неча гектар майдондан “оқ олтин”ни териб олаётгани намоён бўлади. Технологиянинг имкониятини қарангки, машина даланинг ўзидаёқ пахтани рулон шаклига келтириб, бир тола ҳам ерга туширмай, юк машиналарига ортаётир.
Меҳнат унумдорлиги шу қадар ошганки, тонналаб пахтани териб олиш учун атиги бир неча дақиқа етарли. 24 соатлик иш тизими эса қисқа муддатда катта ҳажмдаги ҳосилни йиғиб олиш имконини бермоқда.

Пахтакор туманида жорий йилги терим мавсуми айнан шу ёндашув асосида ташкил этилган. Тунни кунга улаган меҳнат, замонавий комбайнларнинг юқори унумдорлиги ҳосилни йиғиб олиш суръатини сезиларли оширди.
Бу йил туманда 10 минг 600 гектар майдонда пахта етиштирилиб, давлат шартномаси бўйича 56 минг 310 тонна ҳосил топшириш вазифаси белгиланган. Ҳозирга қадар 43 минг 827 тонна пахта давлатга топширилиб, режанинг 77,8 фоизи бажарилган.
– Туманда жойлашган 252 та фермер хўжалигида ҳосилни қисқа муддатда ва сифатли йиғиб олиш учун 48 та пахта териш машинаси, 420 та транспорт воситаси ҳамда 14 та махсус юклагич сафарбар этилган. Етиштирилган пахтани қабул қилиш учун тўртта қабул маскани ишламоқда, – дейди Пахтакор тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Марат Кўбаев.
Жорий мавсумда пахтани қўшқатор усулида экишга ҳам кенг эътибор қаратилди. «SILVERLEAFE» қўшма корхонасидаги 1,5 минг гектар пахта майдони 76-10 схемаси асосида қўшқатор усулида экилган.
Корхонага бешта комбайн бириктирилган бўлиб, ҳар бири кунига 80–90 тоннадан пахта термоқда. Натижада бир кунда қарийб 500 тонна ҳосилни йиғиб олиш имконияти яратилган.
Комбайнларда 2,5 тонналик рулонларга айлантирилган “оқ олтин” махсус техника ёрдамида пахта заводига етказиб берилаётир.
– Ҳар бир техникада икки нафардан механизатор меҳнат қилмоқда. Далада улар учун эрталабки нонушта, тушлик ва кечки овқат ташкил этилган, – дейди корхона бош муҳандиси Анвар Ҳусанов. – Аввалги йилларда бир қатор усулида экилган майдонларда гектарига тахминан 30 килограмм чигит сарфланган бўлса, бу йил янги усулда 45-47 килограммгача уруғлик қадашга эришилди. Бу ўзгариш даланинг кўринишида ҳам, ҳосилдорликда ҳам сезилмоқда. Кластернинг бу йилги мақсади ҳам баланд – гектаридан 60-70 центнердан ҳосил олиш.
Корхонанинг яна 500 гектар майдонига ғалла экиш режалаштирилган. Ҳозирга қадар 100 гектарида экиш ишлари бажарилди. Экилган майдонларда суғориш ишлари ҳам давом этмоқда.
Пахтакор тумани тез фурсатларда давлат пахта етиштириш шартнома режасини тўлиқ бажаришни мақсад қилган.
“SILVERLEAFE” жамоаси эса терим суръатини янада ошириш ниятида. Улар яқин беш-олти кунда режани тўлиқ бажаришни кўзлаган.
Бугун туман далаларида терилаётган ҳар бир тонна пахта йил бўйи қилинган меҳнатнинг самараси. Меҳнат давом этади. Ҳосилдан ҳосилга, мавсумдан мавсумга узлуксиз давом этадиган ана шу меҳнат эса юрт хирмонини баракага тўлдиради.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).