ИНСОН ЎЗИНГ, ҲАЙРОН ЎЗИНГ…

8 декабрь – жаҳон Иқлимни муҳофаза қилиш куни

Иқлим ўзгаришига табиий омиллар ва инсон фаолияти сабаб бўлади. Ёқилғиларни ёқиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш орқали иқлимга таъсир кучайиб бораяпти. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигининг пасайиб кетиши эса бевосита озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид ҳисобланади.    

Бугун бутунжаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгариши туфайли юзага келаётган муаммо ва таҳдидларга жавоб топишга интилмоқда. Бу муаммолар қаторига атмосферада иссиқхона газларининг кўпайиши, ернинг устки қобиғи ҳароратининг ортиши, сув ресурслари тақчиллиги, табиий офатларнинг тез-тез такрорланиши, саҳролашиш жараёнининг ўсиши ва бошқаларни киритиш мумкин. Хусусан, Жаҳон банки маълумотига кўра, иқлим ўзгариши кучли ички миграцияга сабаб бўлиб, 2050 йилгача дунёнинг олтита минтақасида яшаётган 216 миллион нафар инсон ўзлари яшаётган маконни тарк этиб, бошқа ҳудудларга кўчишга мажбур бўлади. Бу минтақалар орасида Марказий Осиё ҳамда унда яшаётган 5 миллиондан ортиқ аҳоли бор.

Дарҳақиқат, Марказий Осиё иқтисодий жиҳатдан тез суръатларда ривожланиб бораётган минтақа бўлиб, географик жиҳатдан бу ердаги сув ва ер ресурсларидан унумли фойдаланиш, уларни бошқаришда оқилона йўл тутиш келгусида давомли ривожланиш, барқарорлик ва фуқароларнинг фаровонлигига хизмат қилади. Минтақадаги барча давлатлар, хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон иқлим ўзгариши билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш ва тегишли чора-тадбирларни қабул қилиш мақсадида Париж Битимини ратификация қилган. Париж Битимининг асосий жиҳатларидан бири — ривожланган давлатлар билан бир қаторда ривожланаётган давлатлар ҳам атмосферага ташланмалар миқдорини камайтириш мажбуриятини олиши белгиланган. Хусусан, 2019-2030 йилларда Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт”га ўтиши бўйича Стратегия қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда сув ва қишлоқ хўжалиги секторларида иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар белгиланган.

Самарқандда шу йилнинг 13-17 ноябрь кунлари бўлиб ўтган БМТнниг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессиясида ҳам дунёдаги соғлом ва унумдор ерларнинг йиллик йўқотилиши тахминан 100 миллион гектарни ташкил қилаётгани таъкидланди.  Мавжуд тенденциялар давом этса, 2030 йилга бориб дунёда ер деградациясининг нейтраллигига эришиш учун 1,5 миллиард гектар майдонни тиклаш керак бўлади.

Бу мақсадларга эришиш учун эко-журналистикани ривожлантириш, хусусан, миллий ва халқаро нашрлар, телевидение фаолиятини кенгайтириш, нуфузли танловларда эко-журналистикани алоҳида йўналиш сифатида киритиш фойдали бўлади. Шу билан бирга, минтақадаги экологик вазиятни кенг оммага етказиш ва фуқароларда экологик маданиятни шакллантириш мақсадида оммавий ахборот воситаларидан унумли фойдаланишга зарурат туғилмоқда. Айниқса, Орол муаммоси ва сув ресурсларининг танқислиги билан “яшаётган” Марказий Осиё иқлим ўзгаришининг оқибатларига бардош бериши бўйича дунёнинг бошқа минтақаларига қараганда анча заиф ҳисобланади. Барча мактаблар ва олий ўқув юртларида “Ёш табиатшунослар”, “Ёш экологлар” номлари остида кўнгиллилар гуруҳини шакллантириш ва эко-фаоллар билан ҳамкорликда тренинг машғулотларини ўтказиш мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда инсоннинг ўз фаолияти ўзига қарши қурол бўлиб, севимли шоиримиз айтганидек, уни ҳайрон ва нолон қилиб қўйиши аниқ.

 

Н.ҚУВОНДИҚОВ,

Жиззах вилоят экология бошқармаси атроф-муҳит мониторинги,

иқлим ўзгариши ва чўлланишга қарши курашиш бўлими бошлиғи.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *