ЖУРНАЛИСТ «ДАСТХАТ»И

Яқинда бир мақола ўқиб қолдим. У чекка қишлоқда юз берган оддий воқеа ҳақида эди. Катта шов-шув, машҳур қаҳрамон ёки фавқулодда ҳодиса йўқ. Аммо муаллиф шу кичик воқеа орқали бугунги куннинг катта бир муаммосини кўра олган. Жумлалар содда, равон ва самимий ёзилган. Энг муҳими, матндан муаллифнинг ўзи шундоққина сезилиб турарди. Шунда беихтиёр хаёлимга “бугунги журналистларнинг  ўз услуби, “дастхати” қаерда?”, деган савол келди.

Яқин ўтмиш журналистикасини варақласангиз, айрим қалам соҳибларини мақоласидан таниб олиш ҳеч ҳам қийин эмас. Муаллифнинг исми кўрсатилмаган бўлса ҳам, услуби уни билдириб туради. Кимдир воқеликни майда деталлар орқали очар, кимдир кескин таҳлил қилар, яна кимдир халқона иборалар билан ўқувчининг қалбига йўл топарди.

Бугун эса баъзан аксинча таассурот уйғонади. Муаллифлар турлича, аммо матнлар бир-бирига ўхшайди. Бир хил кириш, бир хил жумла қурилиши, бир хил хулоса. Ҳатто айрим сўз бирикмалари ҳам такрорланади. Гўё турли одамлар эмас, битта қолип турли исмлар билан ёзаётгандек.
Бу ҳолатнинг сабаблари кўп. Улардан бири – сунъий интеллектнинг журналистикага ҳам кириб келаётганидир.

Бугун ChatGPT каби воситалар маълумотни саралайди, режа тузади, интервьюни матнга айлантиради, сарлавҳа таклиф қилади, имло хатоларини топади. Буларнинг барчаси журналист учун катта имкониятдек кўринади. Аммо бу ижод дегани эмас.

Хўш, унда муаммо нимада? Муаммо технологиядами? Масаланинг асл моҳияти – журналист унинг ортида қолиб кетмаяптими, деган саволда.
Қалами ҳали чархланмаган, шахсий услуби шаклланмаган ёш ижодкор учун сунъий интеллект баъзан ёрдамчидан кўра ривожланишни секинлаштирувчи воситага айланиб қолаётгани турган гап. Чунки журналистни журналист қиладиган нарса тайёр матн эмас, уни яратиш, ёзаётган нарсасини ҳис қилиш жараёнидир.

Мавзуни ўйлаш, саволни тўғри қўйиш, фактни саралаш, нимани ёзиш, нимани ёзмасликни ҳал қилиш, нотўғри ёзилган жумлани қайта таҳрирлаш, ортиқча сўзларни олиб ташлаш, хуллас, ўз матнига танқидий кўз билан қараш…

Қалам ана шу жараёнда чархланади. Бир хабарни ўн марта қайта ёзган ёш журналист бора-бора фақат матнни эмас, ўзини ҳам таҳрир қилишни ўрганади. Қайси фикри саёз, қаерда далил етишмаётгани, қайси жумла оғир, қайси сўз ортиқча эканини англай бошлайди.

Тайёр матн эса ана шу машаққатли йўлни қисқартиради. Бир сафар журналистикага эндигина кириб келган ёш ижодкор бўлиб ўтган тадбир ҳақида ёзган мақоласи юзасидан фикримни сўради. Мақолада мавзу бор, фактлар етарли. Матн ҳам силлиқ. Аммо нимадир етишмаяпти. Ўйлаб кўрсам, унда муаллифнинг шахсий фикри сезилмасди.

Мен унга сунъий интеллектдан фойдаланма, дея олмадим. Аксинча, ундан тўғри фойдаланиш кераклигини айтдим. Фақат аввал ўзинг ёз, дедим. Кейин қайта ўқи, камчиликларингни ўзинг топ, қайта ишла, каби фикр билдирдим.
Чунки ёш журналистга тайёр мақоладан кўра, яхши мақола ёзишга уриниш фойдалироқ самара беради.

Услуб тайёр ҳолда берилмайди. У йиллар давомидаги кузатув, хато, изланиш ва қайта-қайта ёзишлар натижасида пайдо бўлади.

Бугун ҳар бир журналист ўзидан бир саволни сўраши керак: “Мен ёзган матндан мени таниш мумкинми?”… Агар жавоб “ҳа” бўлса – демак унинг ўз услуби, ўз “дастхат”и бор. Мабода йўқ бўлса, балки биз журналистнинг қаламига эмас, тайёр матннинг қулайлигига ўрганиб бораётгандирмиз.
Дарвоқе, яна бир ҳақиқат: журналистнинг энг катта бойлиги хатосиз ёзиш эмас, балки ўзича, ўз услубида ёзишидадир.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *