“ТОЗА ШАҲАР”ДАН ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ САРИ

Бугун атроф-муҳит тозалиги ва чиқиндиларни тўғри бошқариш нафақат экологик, балки ижтимоий аҳамиятга эга масалалардан бирига айланди. Чунки чиқиндиларни камайтириш, уларни саралаш ва қайта ишлашга йўналтириш орқали табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳоли учун соғлом ва қулай муҳит яратиш мумкин. Шу мақсадда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида Жиззах шаҳрида “Тоза шаҳар” ўқув компанияси ўтказилди.

Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали мажлислар залида ташкил этилган тадбирда 100 нафардан ортиқ талаба-ёшлар, хотин-қизлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, таълим муассасалари, ОАВ вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари   ҳамда экология масалаларига қизиқувчи иштирокчилар қатнашди.

Тадбирда ЎзННТМА Жиззах вилояти бўлинмаси раҳбари Назифа Камалова, “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасидаги ижтимоий мобилизация эксперти Дилмурод Мавлян-Кариев, Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали вакили Сирожиддин Толбоев, Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ихтиёр Мамуржонов ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Учрашув давомида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришда замонавий ёндашувлар, уларни алоҳида йиғиш ва саралаш, қайта ишлаш, масъулиятли истеъмол қилиш, чиқиндилар ҳажмини камайтириш ва ресурслардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Алоҳида таъкидланганидек, лойиҳа доирасида республиканинг 13 та ҳудудида “Тоза шаҳар” номли 39 та ўқув компаниясини ўтказиш белгиланган. Уларда аҳолининг экологик маданиятини ошириш билан бирга, ёшлар, хотин-қизлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг экологик ташаббуслардаги иштирокини кучайтиришга эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда “Нол чиқинди” — “Zero Waste” тамойилининг аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу ёндашув чиқиндиларни шунчаки ташлаб юбориш эмас, балки уларнинг ҳосил бўлишини камайтириш, қайта фойдаланиш ва қайта ишлаш имкониятларидан самарали фойдаланишни назарда тутади. Шу жиҳатдан, экологик маданиятни болаликдан шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда лойиҳа доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун “Нол чиқинди” мавзусида гендерга йўналтирилган ахборот-таълим материаллари тўплами ишлаб чиқилди. Уларда экологик масалалар болаларга содда ва қизиқарли шаклда тушунтирилиб, қизлар ва ўғил болаларнинг экологик ташаббусларда тенг иштирок этишига алоҳида урғу берилган. Мазкур материалларни республикадаги 10225 та умумтаълим мактабига тарқатиш режалаштирилган.

Ёшларнинг экологик мавзудаги фаоллигини ошириш мақсадида 10 минг нафар йигит-қизни қамраб олишга мўлжалланган “Ёшлар медиакомпанияси”ни йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган. Унда интерактив викториналар, видеороликлар, тақдимотлар ва инфографикалар орқали чиқиндиларни камайтириш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича тушунчалар кенг тарғиб этилади.

Тадбирда қайд этилганидек, лойиҳа доирасида 3 мингга яқин аҳоли, 10 минг нафар ёшлар ҳамда 200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти вакилларининг экологик билимларини ошириш мақсад қилинган.

Зеро, тоза шаҳарни фақат махсус хизматлар эмас, балки ҳар бир фуқаронинг кундалик муносабати яратади. Чиқиндини белгиланган жойга ташлаш, уни турига қараб саралаш, ортиқча истеъмолдан воз кечиш ва қайта фойдаланиш одатини шакллантириш каби оддий қадамлар умумий экологик маданиятнинг муҳим қисми ҳисобланади.

“Тоза шаҳар” ўқув компаниясида илгари сурилган ташаббусларнинг асосий мақсади  экологик масъулиятни фақат тадбир доирасида эмас, балки маҳалла, таълим муассасаси ва ҳар бир хонадон ҳаётида кундалик одатга айлантиришдан иборат.

Худойберди ЗИЁТОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *