Бахмалнинг сўлим табиати, унумдор ерлари ва деҳқончилик анъаналари бугун қишлоқ хўжалигининг истиқболли йўналишларини ривожлантириш учун катта имконият яратмоқда. Айниқса, картошкачилик соҳасида тўпланган тажриба, уруғчиликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар ва замонавий технологияларнинг жорий этилиши туманнинг аграр салоҳиятини янада оширишга хизмат қилаётир.
Бахмал туманида германиялик мутахассислар иштирокида қартошкачиликка ихтисослашган туманлар ҳокимлари ва мутахассислари учун картошкачиликни илмий-инновацион ривожлантириш бўйича республика семинар-тренинги бўлиб ўтди. Семинар-тренингдан кўзланган мақсад ҳудудда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришдан иборат. Республикамизнинг 20 та туман ва шаҳар ҳокимлари иштирокидаги тажриба алмашиш тадбирида Бахмалнинг боғдорчилик ва картошкачилик борасидаги имкониятларига эътибор қаратилди.

Туманда жорий йил 3,5 минг гектар майдонда картошка етиштирилди. Асосий экин майдонларидан 70 минг тонна ҳосил олинган бўлса, такрорий экинлардан яна 50 минг тонна маҳсулот олиш кутилмоқда. Йил якунига қадар туманда 120 минг тонна картошка етиштириш прогноз қилинаяпти. Бироқ соҳанинг истиқболи фақат ҳосил ҳажми билан эмас, балки сифатли уруғлик тайёрлаш, маҳсулотни сақлаш, сувдан тежамкор фойдаланиш ва бозорга ўз вақтида етказиб бериш билан ҳам белгиланади.
Шу нуқтаи назардан, Маданият маҳалласида мини-туганак картошка етиштиришга ажратилган 3 гектар майдон, Узунбулоқ ҳудудидаги ерлардан самарали фойдаланиш ишлари ҳамда картошкачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Бахмалнинг тажрибаси эса картошка етиштириш билан чекланмайди: туманда интенсив боғлар, резавор мева плантациялари ва янги аграр лойиҳалар ҳам йўлга қўйилмоқда.
Хўш, Бахмалдаги ушбу тажрибаларнинг асосий жиҳатлари нимада? Мини-туганак етиштириш маҳаллий уруғчиликни мустаҳкамлашга қандай ҳисса қўшади? Фермер хўжаликлари ҳосилдорлик ва даромадни ошириш, маҳсулотни сақлаш учун қандай имкониятлардан фойдаланмоқда? Бу ҳақда газетамизнинг кейинги сонида батафсил ҳикоя қиламиз.
Худойберди ЗИЁТОВ.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото).