Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 сентябрдаги 523-сонли қарорига мувофиқ, ҳар йили октябрь ойида республика бўйлаб энергия хавфсизлиги ойлиги ўтказилади. Шу муносабат билан “Ҳудудий электр тармоқлари” AЖ Жиззах ҳудудий филиали томонидан 1–31 октябрь кунлари “Электр хавфсизлиги ойлиги” доирасида вилоятнинг барча 13 та туман ва шаҳридаги таълим муассасаларида кенг кўламли профилактик ҳамда тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактаблари ва бошқа таълим муассасаларида ўқувчи-ёшлар ҳамда тарбияланувчиларнинг электр хавфсизлиги борасидаги билимларини оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.
Тадбирлар давомида электр токининг инсон ҳаёти ва саломатлиги учун хавфи, электр жиҳозларидан фойдаланишда эҳтиёт чораларига риоя қилиш, электр қурилмалари жойлашган ҳудудларда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш юзасидан батафсил тушунтиришлар берилмоқда.
Айниқса, болалар ва ўсмирлар ўртасида электр хавфсизлиги қоидаларини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларга узилган электр симларига яқинлашмаслик, электр устунларига чиқмаслик, трансформатор пунктлари ва тақсимлаш қурилмалари ичига кирмаслик, электр жиҳозларига рухсатиз тегмаслик зарурлиги уқтирилмоқда.
Шунингдек, электр токи билан боғлиқ хавфли вазиятларга дуч келганда мустақил равишда ҳаракат қилмаслик, хавфсиз масофани сақлаш ва зудлик билан катталарга хабар бериш лозимлиги тушунтирилмоқда.
Профилактик тадбирлар фақат оғзаки тушунтиришлар билан чекланиб қолмаяпти. Тарғибот жараёнларида кундалик ҳаётда учраши мумкин бўлган хавфли ҳолатлар мисолида электр энергиясидан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, хавфсизлик қоидаларига масъулият билан ёндашиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш масалаларига ҳам эътибор қаратилмоқда.
Мазкур тадбирларнинг асосий мақсади — ёш авлоднинг электр хавфсизлиги бўйича билимларини мустаҳкамлаш, аҳолининг электр энергиясидан фойдаланиш борасидаги хабардорлигини ошириш ҳамда электр токи билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишдан иборат.
“Ҳудудий электр тармоқлари” AЖ Жиззах ҳудудий филиали томонидан бу борадаги тарғибот ва тушунтириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Электр энергияси кундалик ҳаётимиз учун муҳим неъмат, бироқ ундан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ҳар биримизнинг масъулиятимиздир.
“Электр хавфсизлиги ойлиги” доирасида иш хавфни аниқлаш билан чекланмайди. Аниқланган ҳар бир камчилик бўйича уни бартараф этиш чоралари белгиланади. Зеро, хавфсиз электр—фаровон ҳаётдир.
Аҳмаджон КАРАБАЕВ,
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ
Жиззах ҳудудий филиалининг бош
муҳандис ўринбосари.