ЗАМОНАВИЙ СТОМОТОЛОГИЯ: ТАБАССУМГА ЯНГИ ҲАЁТ

Бугунги кунда инсон саломатлиги билан бир қаторда унинг ташқи кўриниши ва эстетик қиёфасига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, тиш саломатлиги нафақат чиройли табассум, балки инсоннинг умумий саломатлиги, овқатланиши ва ҳаёт сифати билан ҳам узвий боғлиқ. Замонавий стоматологияда тишларни даволаш, тиклаш ва йўқотилган тишларнинг ўрнини тўлдириш борасида катта имкониятлар яратилган. Шулардан бири — тиш имплантацияси. Бугун ушбу йўналишда билим ва тажрибасини ошириб бораётган ёш стоматолог Дадажон Туропов (суратда) билан замонавий стоматология, имплантациянинг афзалликлари ва бу касбнинг келажаги ҳақида суҳбатлашдик.

–Дадажон, аввало, ўзингиз ҳақингизда қисқача маълумот берсангиз. Стоматология соҳасини танлашингизга нима сабаб бўлган?

– Мен 2019-2024 йилларда Бухоро давлат тиббиёт университетида таҳсил олиб, стоматология соҳаси бўйича олий маълумотга эга бўлдим. Стоматологияни танлашимга, аввало, инсонларга амалий ёрдам бериш истаги сабаб бўлган. Чунки стоматолог нафақат беморнинг тишини даволайди, балки унинг соғлом овқатланиши ва ўзини ишончли ҳис қилишига ҳам ҳисса қўшади. Талабалик йилларимдаёқ замонавий стоматология технологияларига қизиқишим ортиб борди. Ўқиш жараёнида назарий билимлар билан бирга амалий кўникмаларни ҳам эгаллашга ҳаракат қилдим. Айниқса назарий машғулотлар билан чекланиб қолмасликка ҳаракат қилдим. 2023 йил 9-10 март кунлари Бухоро давлат тиббиёт институтида ўтказилган халқаро талабалар олимпиадасида иштирок этдим. Ушбу тадбир мен учун катта тажриба мактаби бўлди. Шунингдек, турли семинарлар, конференциялар ва амалий машғулотларда иштирок этишга ҳаракат қилдим. Стоматология жуда тез ривожланаётган соҳа. Шунинг учун бу касб эгаси доимо изланиши, янги билимларни ўзлаштириши керак.

–Ҳозирги кундаги фаолиятингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

 –2024 йилдан буён Жиззах шаҳридаги хусусий стоматология клиникасида хирург-стоматолог сифатида фаолият юритиб келмоқдаман. Амалий фаолият даврида турли ёшдаги беморлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва тўғри даволаш усулини танлаш бўйича катта тажриба орттиряпман.
Бу жараёнда мен учун энг муҳим жиҳат — беморнинг ишончи. Шифокор бемор билан яхши мулоқот қила олса, унинг муаммосини тўғри тушунса ва даволаш жараёнини содда тилда тушунтирса, натижа ҳам самарали бўлади.

– Тиш имплантацияси деганда нимани тушунамиз?

– Тиш имплантацияси — йўқотилган тиш ўрнини замонавий усулда тиклаш имконини берувчи стоматологик муолажалардан бири. Бунда махсус имплант жағ суягига ўрнатилади ва кейинчалик унинг устига сунъий тиш конструкцияси жойлаштирилади. Энг муҳими, имплантация ҳар бир бемор учун индивидуал ёндашувни талаб қилади. Беморнинг умумий ҳолати, оғиз бўшлиғи, жағ суяги ҳолати ва бошқа омиллар мутахассис томонидан баҳоланиши керак.

–Имплантациянинг оддий протезларга нисбатан қандай афзалликлари бор?

– Ҳар бир усулнинг ўз ўрни бор. Аммо имплантациянинг муҳим жиҳатларидан бири — йўқотилган тиш ўрнини табиий тишга яқин тарзда тиклаш имкониятидир.
Замонавий имплантацияда эстетикага ҳам, функционалликка ҳам катта эътибор берилади. Бемор нафақат чиройли табассумга, балки овқатни яхши чайнаш имкониятига ҳам эга бўлиши керак. Шу билан бирга, имплантацияни «ҳамма учун бир хил усул» деб қараш нотўғри. Аввало, бемор тўлиқ текширувдан ўтиши ва мутахассис тавсияси асосида қарор қабул қилиши зарур.

– Бугун стоматологияда технологиялар жуда тез янгиланмоқда. Ёш мутахассис сифатида бу жараёнга қандай қарайсиз?

–Менимча, замонавий стоматолог учун ўқиш ва изланиш ҳеч қачон тўхтамаслиги керак. Янги технологиялар, материаллар ва даволаш усуллари пайдо бўляпти. Айниқса, имплантология, хирургик стоматология, рақамли диагностика ва замонавий протезлаш йўналишлари жадал ривожланмоқда. Шу сабабли мутахассис доимо ўз устида ишлаши, хорижий ва маҳаллий тажрибаларни ўрганиши зарур. Мен ҳам кейинги йилларда асосан оғиз бўшлиғи хирургияси ва dental implantology йўналишида ихтисослашув ҳамда касбий ривожланишга катта эътибор қаратиб келяпман.

–Беморлар кўпинча имплантациядан қўрқишади. Уларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

–Аввало, ҳар қандай тиббий муолажадан олдин беморда саволлар бўлиши табиий. Имплантация ҳақида турли хил маълумотлар тарқалгани учун айрим инсонларда қўрқув пайдо бўлиши мумкин. Менинг маслаҳатим — интернетдаги тасодифий маълумотларга эмас, малакали мутахассисга мурожаат қилиш. Шифокор беморни текшириб, унинг ҳолатини баҳолайди ва қайси даволаш усули мос келишини тушунтиради. Энг асосийси, имплантацияни фақат эстетик масала сифатида эмас, балки тиббий жараён сифатида қабул қилиш керак.

–Стоматолог учун энг муҳим фазилатлар нималар, деб ўйлайсиз?

–Менимча, билим, масъулият, сабр ва беморга нисбатан эътибор. Стоматологнинг қўлида нафақат тиббий билим, балки инсон саломатлиги ва ишончи ҳам бўлади. Шунинг учун мен стоматология фақат касб эмас, балки доимий изланиш ва масъулият талаб қиладиган соҳа, деган фикрдаман.

–Келажакда ўзингизни қайси йўналишда кўрасиз?

–Келажакда хирургик стоматология ва имплантология соҳасида янада чуқур билим ва тажрибага эга бўлган малакали мутахассис бўлишни истайман. Бунинг учун мунтазам равишда билимимни ошириш, илмий ва амалий конференцияларда иштирок этиш, янги технологияларни ўрганишни мақсад қилганман.
Беморлар учун сифатли, замонавий ва хавфсиз тиббий хизмат кўрсатиш — асосий мақсадларимдан бири.

–Сиз ёш шифокорсиз, ишингиз ҳам жуда масъулиятли. Айтинг-чи, газета ўқишга вақт топасизми? Суҳбатимиз якунида газетхонларга қандай тилак билдирган бўлардингиз?

–Аввало, ҳар бир инсон ўз саломатлигига эътиборли бўлишини истардим. Тиш оғриғини кутиб ўтирмасдан, вақти-вақти билан стоматолог кўригидан ўтиш жуда муҳим. Соғлом тиш — соғлом ҳаётнинг бир қисми. Чиройли табассум эса инсонга ўзига бўлган ишончни ҳам беради. Шунинг учун тишларимизни асрайлик, профилактикага эътибор қаратайлик ва муаммо пайдо бўлганда мутахассисга мурожаат қилишни кечиктирмайлик. Замонавий стоматология бугун оддий даволаш билан чекланиб қолмаяпти. У инсонга соғлом, қулай ва ишончли ҳаёт кечириш имконини берувчи замонавий тиббиёт йўналишларидан бирига айланмоқда.

Шифокорнинг асосий вазифаси беморлар билан ишлаш бўлса-да, дунёда, юртимизда ва айниқса, ўз касбида рўй бераётган янгиликлардан хабардор бўлиб бориши керак. Газета, китоб ўқиш ҳам инсоннинг дунёқарашини кенгайтиради, фикрлашини бойитади.

Иш жараёни жадал бўлган кунларда газетани тўлиқ ўқишга имконият бўлмаслиги мумкин. Аммо бўш вақт топилганда, айниқса, эрталаб ёки ишдан кейин долзарб хабарлар, соҳага оид мақолалар ва қизиқарли материалларни ўқиб чиқаман. Менимча, «вақтим йўқ» деган баҳонадан кўра, мутолаа учун оз бўлса ҳам вақт ажратиш муҳим. Айниқса, маҳаллий газеталарда юртимизда, вилоятимизда амалга оширилаётган ишлар, инсонлар ҳаёти ва турли соҳалардаги янгиликлар ёритилади. Бундай мақолаларни ўқиш мен учун ҳам қизиқ, ҳам фойдали.

–Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 Суҳбатдош Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *