Ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилги Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тараққиётининг келгуси ўн йиллигини “миллий юксалиш даври” деб эълон қилиб, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган еттита миллий дастурни тақдим этди. Мазкур дастурларнинг бешинчиси суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини умумий қадриятга айлантиришга қаратилган. Ушбу дастур доирасида ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаб тизимли йўлга қўйиш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини янада мустаҳкамлаш, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш, шунингдек, яширин иқтисодиёт ва уюшган жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш устувор вазифалар этиб белгиланди.
Мустақил суд ҳар бир фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, низоларни холис ҳал этиш шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг қонунийлигини текшириш имконини беради. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 130-моддасига мувофиқ, мамлакатимизда одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Судялар мустақилдирлар ва фақат Конституция ҳамда қонунга бўйсунадилар. Одил судловни амалга оширишга аралашишга йўл қўйилмаслиги эса суд мустақиллигининг муҳим кафолатидир.
Судялар фаолиятида уларга ноқонуний босим ўтказиш ҳолатларининг олдини олиш, бундай ҳаракатлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ҳам муҳим вазифалардан бири саналади. Судга мурожаат қилиш тартибларининг тушунарли ва қулай бўлиши, ортиқча бюрократик тўсиқларнинг камайтирилиш билан бирга аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларининг кенгайтирилиши инсон ҳуқуқларини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш ва қонун билан белгиланган мажбуриятларини масъулият билан бажариши лозим. Яъни қонун устувор бўлган жамиятда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинади, давлат органлари фаолияти қонуний мезонлар асосида баҳоланади, низолар эса белгиланган ҳуқуқий тартибда ҳал этилади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир фуқаро қонун олдидаги масъулиятини чуқур англаши, давлат органлари эса ўз фаолиятини қонунийлик ва адолат мезонлари асосида ташкил этиши орқали жамиятда қонунга ҳурмат, ўзаро ишонч ва барқарор тараққиёт учун мустаҳкам замин яратилади.
Қосимбек РАЗЗОҚОВ.