2025 йил август ойида Татаристон Республикаси пойтахти тўртинчи маротаба Қозон Глобал ёшлар саммитига мезбонлик қилади. Ушбу халқаро таълимий ва экспертлар майдончаси 2022 йилда ўтказилган “Қозон – Ислом оламининг ёшлар пойтахти” дастури доирасида бўлиб ўтади.Тадбирнинг асосий ташкилотчиси Қозон Федерал университети ҳисобланади.
Бу йили Қозонга Иордания, Хитой, Миср, Ўзбекистон, Қозоғистон, Покистон, Малайзия ва Индонезияни ҳам ўз ичига олган 45 мамлакатдан 200 нафардан ортиқ делегат ташриф буюради. Қозон федерал университети ташкилий қўмитаси хабар беришича, иштирокчилар орасида вазирлар, ректорлар, олимлар, дипломатлар, медиа мутахассислари ва ёшлар ҳаракати етакчилари бўлиб, улар таълим, маданият ва медиа келажагини муҳокама қилишга тайёр.
Саммитда Ўзбекистон вакиллари ҳам қатнашади: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг маслаҳатчиси, Вазирлик ҳузуридаги Сунъий интеллект кенгаши раиси Бобур Раҳимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигининг инклюзив таълимни ривожлантириш, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва услубий таъминот бошқармаси бошлиғи Фарруҳ Бобоев, “Зиё Форум” Фан ва таълимни ривожлантириш жамғармаси директор ўринбосари Олимжон Хаитмухамедов ва бошқалар.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, 2022 йилда Жиззах шаҳрида Қозон университетининг филиали очилди. КФУнинг халқаро фаолиятида юқори талабга эга йўналишлардан бири — Ўзбекистон Республикаси илмий-таълим марказлари вакиллари учун стажировкаларни ташкил этишдир.
Тадбир 27–30-август кунлари бўлиб ўтади.
КФУ Жиззах филиали матбуот хизмати.