ЎТМИШИ ҚАДИМ, КЕЛАЖАГИ ПОРЛОҚ ШАҲАР

Жиззах политехника институти фаоллар залида Жиззах шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан “Жиззах — ўтмиши қадим, келажаги порлоқ шаҳар” номли янги китоб тақдимотига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Анжуманни Жиззах шаҳар ҳокимлигининг давлат тили ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ҳоким маслаҳатчиси Сурайё Шерқўзиева кириш сўзи билан очиб берди. У ўз маърузасида Жиззахнинг тарихий мероси ва кейинги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари хусусида тўхталиб, янги нашрнинг маънавий-маърифий аҳамиятига юқори баҳо берди.

Шундан сўнг тарих фанлари номзоди, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти етакчи илмий ходими Мухтор Пардаев, Жиззах давлат педагогика университети доценти, филология фанлари номзоди Аҳрор Пардаев, Ўзбекистон миллий Ахборот агентлигининг Жиззах вилояти бўйича фотомухбири Жамшид Яробеков ҳамда “Жиззах ҳақиқати” ва “Джизакская правда” газеталарининг фотомухбири Ботир Қудратовлар сўзга чиқиб, китобнинг илмий ва маърифий қиммати, Жиззахнинг қадим тарихини ўрганишдаги ўрни хусусида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Тадбир давомида “Жиззах — ўтмиши қадим, келажаги порлоқ шаҳар” китобининг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка атрофлича тақдим этилди. Муаллифлар ва ижодий жамоа билан ўтказилган самимий мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Тадбир якунида китобни яратишда ва маърифий ташаббусни амалга оширишда фаоллик кўрсатган ижодкорлар ҳамда соҳа вакилларига эсдалик совғалари топширилди.

Мазкур китоб ва ўтказилаётган тақдимот маросимидан кўзланган асосий мақсад Жиззах шаҳрининг бой тарихи, қадимий маданияти, бугунги тараққиёти ва келажакдаги юксак истиқболларини кенг жамоатчиликка атрофлича таништиришдан иборатдир.

(Ўз мухбиримиздан).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *