САРАТОНГА ҚАРШИ ВАКЦИНА

Жорий йилдан бошлаб Ўзбекистонда миллий профилактик эмлашлар календарига асосан 9 ёшдаги ўғил болалар ва қизлар ОПВ вакцинаси билан одам папиллома вирусларига қарши эмланади. Хўш, одам папиллома вируси ўзи нима ва у инсонга қандай хавф солади? Шароф Рашидов туман СЭО ва ЖСБнинг олий тоифали эпидемиолог шифокори Лола Жўлбекова билан шу мавзу хусусида суҳбатлашдик.

–Одам папиллома вируси (ОПВ) –дунёда энг кенг тарқалган, жинсий йўл билан юқадиган инфекция ҳисобланади. Кўпчилик бу вирусни фақат аёлларда бачадон бўйни саратонини келтириб чиқаради деб ўйлайди, бироқ бу нотўғри тушунча. Сўнгги йилларда ўғил болаларда, эркакларда ОПВ жиддий касалликларга сабаб бўлади. Жорий 2026 йилдан бошлаб мазкур вакцина билан 9 ёшли ўғил болалар ҳам бепул эмланади. Бундан кўзланган асосий мақсад — уларнинг организмида вирус билан тўқнашишдан олдин кучли иммунитет ҳосил қилиш ва келажакда саратон (рак) касалликлари ривожланишининг олдини олишдир.

–Нима учун ўғил болалар ва қизларни айнан шу даврда (9 ёшда) эмлаш зарур?

–Тиббий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 9 ёшли болаларнинг организми вакцинага нисбатан катта ёшлиларга қараганда анча кучли ва барқарор иммунитет ишлаб чиқаради. Шу сабабли шу ёшда эмлаш энг юқори самара беради. ОПВ асосан тери ва шиллиқ пардалар ҳамда ўзаро мулоқот орқали жуда осон юқади. Вакцина вирус юқишидан олдин юборилгандагина 100 фоизга яқин самарадорлик кўрсатади. 9 ёшда болалар ҳали бу вирусни юқтириб олмаган бўлишади ва худди ушбу 9 ёш эмлаш учун энг хавфсиз ва тўғри давр ҳисобланади. Агар фақат қизлар эмланса, ўғил болалар вирусни ташувчи ва юқтирувчи бўлиб қолаверади. Ўғил болаларни ҳам эмлаш орқали вируснинг жамиятда тарқалиш занжири узилади ва келажакдаги шериклар (аёллар ва эркаклар) бирдек ҳимоя қилинади.

–ОПВ вакцина билан эмлаш инсонни нимадан ҳимоя қилади?

–Одам папиллома вируси фақат аёлларда эмас, эркакларда ҳам саратон турларини келтириб чиқаради. Унга қарши эмлаш орқали қиз болаларда бачадон бўйни саратони, қин ва ташқи жинсий аъзолар саратони касалликларининг олди олинади. Ўғил болаларда эса анал соҳаси, жинсий аъзо, томоқ ва оғиз бўшлиғи (орофарингеал) саратони касаллиги, шунингдек, ҳар икки жинсда тўғри ичак саратони ҳамда томоқ, тил ва ютинқир (орофарингеал) саратонининг олди олинади.

– Эмлаш жараёнида кўпгина ота-оналарда норозиликлар туғилаяпти. Улардан келиб тушаётган савол битта. Вакцинанинг ўғил болалар репродуктив саломатлигига ножўя таъсири ҳақида…

– Ҳар қандай оддий вакцина каби у юборилган жойда бироз қизариш, шиш ёки енгил иситма кузатилиши мумкин. Бу белгилар 1-2 кунда ўтиб кетади. Аммо бу вакцина репродуктив саломатлигига таъсир қилмайди. ОПВ вакцина фақатгина вирусга қарши иммунитет ҳосил қилади ҳамда келажакда фарзанд кўриш тизимини рак хавфидан ҳимоя қилади. 2019 йилдан 9 ёшли қизлар эмланаётган эди. Бу йилдан эса ўғил болалар ҳам эмланади. Ва бу 15 йилдан кейин албатта ўз самарасини беради. Яъни эмланганлар орасида саратон билан касалланиш кескин камайтирилади ёки тугатилади. Энг асосийси ўлим кўрсаткичи умуман бўлмайди. Нега, чунки касаллик ташувчиси яъни манбаи ўғил болалар бўлиб қолаяпти. Айниқса мана шу асрда 20-40 ёшли аёл ва эркаклар орасида саратон касаллиги билан касалланиш салмоғи ошган ва нобуд бўлиш даражаси кўпайган. Бу вакцина билан эмланиш амалиётига киритилган бир нечта давлатларнинг статистикасига назар солсак, уларда саратон касаллиги бир неча баробарга камайгани кузатиляпти.

Шундай экан, келажакни бугундан асрашимиз зарур ва шарт. ОПВ вакцинаси билан эмлаш нафақат қизлар, балки ўғил болалар учун ҳам жуда муҳим ҳимоя. Ўғлингизни ва қизингизни 9 ёшда -ОПВ вакцина билан  эмланг– унинг соғлиғи ва келажакдаги оиласини хавфли саратон билан касалланишдан ҳимоя қилинг!

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *